Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тиббиёт соҳасида турк инвесторлари билан меморандум имзоланди
2018-06-18 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сон Фармони ва «2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 майдаги ПҚ-2980-сон қарорини ижросини таъминлаш мақсадида бугун вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2018-йил 16-17 февраль кунлари Бухоро вилоятига ташрифлари чоғида Пешко тумани Афшона қишлоғидаги Абу Али ибн Сино меросий мажмуасини ташкил этиш ва мазкур жойда Республика тиббиёт билим юртлари ва олийгоҳлари битирувчи талабалари қасамёдини анъанавий тарзда ташкил этиш тўғрисидаги кўрсатмалари асосида, қомусий олим Абу Али ибн Сино номини тарих зарварақларига муҳрлаб, уни дунёда кенг тарғиб қилиш ҳамда Афшона қишлоғига туристик оқимни жалб этиш мақсадида халқ табобати маркази, экопарк, сув ҳавзаси, чойхона, китоблар растаси, кутубхона ва замонавий меҳмонхоналарни ўзида мужассам этган меъморий комплекс қурилиши режалаштирилган.
Шу мақсадда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Туркиянинг “Mest Medifema Assistance” компанияси инвесторлари билан учрашди. Турк делегацияси Бухоро давлат Тиббиёт институтида вилоят ҳокимлигининг мутасадди раҳбарлари, институт ректори ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи билан учрашишди. Ташриф доирасида делегация комплекс қурилиши режалаштирилган ҳудудни кўздан кечириб, Бухоро давлат тиббиёт институти бакалавр ва магистр битирувчи талабаларининг Ибн Сино ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этишди.
Куннинг иккинчи қисмида эса Вилоят ҳокимлиги биносида йиғилиб, Вилоят ҳокими ва компания директори ўртасида меморандум имзоланди.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги