Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Анор етиштиришнинг илмий базасини яратиш ишлари бошланди
2018-06-18 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага сафари, у ерда берилган топшириқларни бажариш бўйича қилинаётган ишлар доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари вазир ўринбосари Алишер Умаров бошчилигида “Фарғона анорчилик” агрофирмаси раҳбари Мастура Сайфуддинова билан учрашдилар, у киши барпо қилган улкан анор плантациясини кўздан кечириб, юртимизда анорчиликни янада ривожлантириш йўлида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида суҳбатлашдилар.
Меваларнинг тожи саналмиш анор етиштириш борасида катта тажрибага эга Мастура Сайфуддинова айни пайтда Фарғонанинг Қува ва Тошлоқ туманлари ҳамда Қувасой шаҳрида 289 гектар ерга 15 навга яқин 272 минг тупдан зиёд анор кўчатларини экиб парваришламоқда. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Анорзор тўлиқ ҳосилга киргач 10 минг тонна маҳсулот етиштирилиши назарда тутилган.
Шундай катта ишни бошлаган, яна ундан-да улкан режаларни бажариш арафасида турган Мастура опага Инновация вазирлиги матбуот хизмати қатор саволлар билан мурожаат қилди. Ўз ишининг фидойиси, тиниб-тинчимас, ҳамиша янгиликка интилиб яшайдиган Мастура Сайфуддинованинг шижоати, олдига қўйган мақсадлари вазирлик вазифалари билан уйқаш экани боис ҳамкорликда амалга оширилажак ишлар муваффақиятли бўлишига ишончни орттиради.
– Ёшлигимда анор боғида катта бўлганман, – дейди Мастура опа. – Дадамнинг 100 тупдан ортиқ анор экилган боғлари бўларди. Техникумни битирганимдан сўнг ёшлар бригадасига бригадир қилиб тайинлашган. Бизларни ҳамма “Қирқ қиз” бриагадаси дейишарди. Қўлимда 39 нафар қиз ишлар, ўзим билан қирқ нафар эдик-да...
Ўша пайтлари Мастура Сайфуддинованинг бригадаси умумий 112 гектарлик боғни парвариш қилишар, улардан 52 гектари анорзор бўлса, яна 12 гектар шафтолизор, 5 гектар гилос ва қолгани ўрикзор эди. Ғайратли деҳқон қиз дарров эл назарига тушди, у етиштирган меваларнинг донғи нафақат республикамиз, балки собиқ Иттифоқ республикаларига тарқади. 1980 йили ёш бригадирнинг ишларини Шароф Рашидов ҳам кўрди, Мастурани ўқишга кириши кераклиги, бундай ёш кадрлар юртимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириши учун замонавий билимларга эга бўлиши зарурлигини уқтирди. Мастура Сайфуллаева қишлоқ хўжалиги институтнинг сиртқи бўлимига ўқишга кириб, 1986 йилдан совхоз директори этиб тайинланади. Энди унга юклатилган вазифа янада катта эди. Совхоз ҳудудининг 700 гектарига анорэкилиб,унинг рентабеллиги белгиланган кўрсаткичларидан 40–50 фоизга юқорилиги билан ажралиб турарди.
– Энди еримиз, яхшийди-да, – дейди камтаринлик билан Мастура опа. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг январь ойида Сурхандарёга борганларида Фарғонадаги самарадорлиги паст бўлган анорчилик хўжаликларини бирлаштириб, янги агрофирма тузиш ҳақида кўрсатма берганларидан сўнг, вилоят ҳокимимиз билан биргаликда ишларни бошлаб юбордик.
Ҳозирги кунда “Фарғона анорчилик” агрофирмаси томонидан289 гектар ер майдонига анор ниҳоллари экилган бўлиб, улар 5-6 йилда тўлиқ ҳосилга киради. Ер майдонлари 154 та хонадонга бўлиб берилган, ҳар бир хонадондан 2 кишидан 4-5 кишигача шу ерларда деҳқончилик қилади. Анор ниҳолларини парвариш қилиш баробарида аҳоли ўзига ажратилган ер майдонларида рўзғорга зарур бўлган турли хил сабзавотларни етиштириб, оилаларини боқиб келмоқда.
Ўз навбатида минтақамизда сув тақчиллиги долзарб масалалардан бўлиб турган бир ҳозирги пайтда анорларни томчилаб суғориш йўлга қўйилган бўлиб, айни кунларда 20 гектар майдон томчилаб суғоришга тўлиқ ўтказилган, боғдан даромад олина бошланганидан кейин эса томчилаб суғориладиган ер майдонлар ҳажми йилдан-йилга ошаверади.
Анорни етиштириш билан бир қаторда ҳозирги кунда уни қайта ишлаш масаласи устида ҳам бош қотирилмоқда. Агрофирма раҳбарлари Исроиллик ҳамкорлари билан анордан шарбат олиб, уни қадоқлаш, парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳақида музокаралар олиб бормоқдалар.
– Анорчиликни ривожлантириш учун илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиши керак, – деб гапни давом эттиради агрофирма раҳбари. – Ҳозирги кунда биз анорни ота-бобларимиздан қолган усуллар билан парваришлаяпмиз. Бу ҳам яхшидир, лекин мева-сабзавотларни етиштиришнинг инновацион йўлларини топмасак, уларни қишлоқ хўжалигига татбиқ этмасак, эртага экин етиштиришда оқсаб қолишимиз ҳеч гап эмас. Масала шундаки, анор етиштириш бўйича хориж технологиялари ва усулларини қўллай олмаймиз. Негаки, анор етиштирадиган Туркия, Малайзия, Эрон, Чили, Озарбайжон, Жанубий Корея каби давлатлар денгиз бўйида жойлашган бўлиб, уларнинг иқлими мўътадил. Анор экиб қўйсанг, ўзи ҳосил бераверади, ҳисоб. Бизда эса қиш совуқ, ёз иссиқ бўлгани боис қишда анорни кўмиб қўйишимиз керак, ёзда эса мунтазам суғориб туриш талаб этилади.
Шу боис ҳам анорчилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда маҳаллий анор навлари ва истиқболли навлар коллекциясини илмий асосда ташкил этиш, анорчилик уюшмаси фаолияти самарадорлигини ошириш, анор маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, анорни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, ўзбек анор брендини яратиш, шунингдек, анорчилик соҳасидаги илғор тажрибаларни республикамизнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида Инновацион ривожланиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига Фарғона давлат университетида 2018–2019 ўқув йилидан бошлаб анорчилик таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил бўлган бакалавриат ҳамда ўқиш муддати бир йил бўлган магистр мутахассиси тайёрлаш бўйича ташкилий ишларни амалга оширишмоқда. Инновапцион ривожланиш вазирлиги қошидаги жамғарма ҳисобидан ушбу мутахассислик бўйича илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимларни хориждаги етакчи илмий марказларга қисқа муддатли стажировкаларга жўнатишга тайёргарлик ишлари бошланган.
– Агрофирмамизда етиштириладиган анорларнинг 60 фоизи экспортга мўлжалланган, қолганининг бир қисми юртимиз бозорларида сотилса, қолган қисмини қайта ишлашга йўналтирамиз, – Мастура Сайфуддинова деди кенг далаларга назар ташларкан. – Агар агротехника томонидан махсус қўлланмалар, йўриқномалар ишлаб чиқилса, маҳсулотимизнинг экспортбоплиги янада ошади. Бизнинг анорчилик фирмамиз анорчилик йўналишида таълим олаётган ёшлар учун тайёр тажриба участкаси бўлади, тадқиқотчиларимиз эса бу ердан ишлаб чиқариш лабораторияси сифатида фойдаланишлари мумкин. Айтганча, келиним ҳам биолог, бу йил ўқишини битириб олса, ёнимга қўшилиб, агрофирмамизни ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддаман.
Хуллас, режалар катта. Уларни амалга оширишда Инновация вазирлиги ва бошқа ташкилотлар елкадош бўлишмоқда. Жумладан, Фарғона давлат университетида анор кўчатларини сунъий етиштириш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш бўйича юқори технологияли илмий лаборатория ташкил этиш ва зарурий моддий-техник базаси яратиш зарур. Бундан ташқари, анорчиликка ихтисослашган агрофирмалар қошида кафедра филиаллари ташкил этилиши ҳамда илмий-тадқиқот ва ўқув амалиётларини ўтказилиши лозим. Бу борада жадал суръатларда олиб борилаётган ишлар соҳанинг ривожига ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги