Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Номоддий маданий мерос масалалари бўйича илмий-услубий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди

2018-06-18 | Маданият

Мустақиллик шарофати билан юртимизда барча жабҳаларда бўлгани сингари маданият ва санъат соҳасида ҳам бир қатор кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, маданият соҳасини янада ривожлантириш ва тараққий эттириш ҳамда унинг мавқеини кўтариш, қолаверса, ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қанча қонун, қарор ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 

Миллий маданиятимиз бўлган номоддий маданий мерос муҳофазаси билан боғлиқ масалаларга давлат миқёсида катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳадаги бирламчи ва асосий вазифа – номоддий маданий мерос намуналарини муҳофаза қилиш, асраш ва уларни тарғиб қилишдан иборат. Бу ўринда давлатимизда диққатга сазовор ишлар амалга ошириб келинаётганини айтиб ўтиш жоиз.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрда 222-сон қарор билан тасдиқланган 2010-2020 йилларда номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурининг қабул қилиниши ушбу соҳада тарихий бир воқеа бўлди. Ўн йилга мўлжалланган мазкур давлат Дастурининг босқичма-босқич ижроси орқали номоддий маданий меросимиз ўрганилиб, илмий тадқиқ этилмоқда. Мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 12 июнь куни Тошкент шаҳрида, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик марказ томонидан ташкил этилган номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш масалаларига оид илмий-услубий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур кенгашда Фан докторлари Шомирза Турдимов, Оқилхон Иброҳимов, Маматқул Жўраев, Жаббор Эшонқулов,профессорлар Азамат Ҳайдаров, Ўразали Тошматов, фан номзодлари Ойгул Аҳмедова, Шаҳло Абдуллаева, доцент Жаҳонгир Маматқосимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нуриддин Аминжонов, санъатшунос Лола Мухутова, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази мутахассислари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган номоддий маданий мерос бўйича масъуллар иштирок этдилар.

Кенгаш Ўзликни намоён қилишнинг оғзаки шакл ва анъаналари; Ижрочилик санъати; Урф-одат, маросим ва байрамлар; Табиат ва коинот билан боғлиқ билим ва урф-одатлар ҳамда Анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар шўъбаларидан иборат.

Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори, профессор А.Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 23 февралда қабул қилинган “Номоддий маданий мерос муҳофазасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 47-сон қарорига мувофиқ ташкил этилганлиги, мазкур қарорга кўра ушбу Кенгашни ташкил этиш ва фаолиятини мувофиқлаштириб бориш Марказ зиммасига юклатилганлиги, Вазирлик ва Марказ тузилмасидаги ўзгаришлар ҳамда ходимлар алмашинуви сабаб Кенгаш фаолияти бироз муддат тўхтаб қолганлиги ҳақида бироз тўхталиб ўтди. Ҳамда Кенгашнинг янги аъзоларини тасдиқлаб олиб, унинг фаолиятни мунтазам йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаб, илмий-услубий кенгаш таркиби ва шўъбаларини йиғилиш иштирокчиларига таништириб, Кенгаш таркибини овозга қўйди. Йиғилиш иштирокчилари Кенгаш аъзоларини бир овоздан тасдиқлашди.

Шундан сўнг кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон номоддий маданий мерос объектлари миллий рўйхати, маҳаллий рўйхатлари ҳамда зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос объектлари рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва янгилаш бўйича таклифлар сўралди.

Профессор Ўрозали Тошматов ҳозирги кунда Президентимиз ташаббуси билан бахшичилик ва достончиликни ривожлантиришга оид бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, бу санъатга ҳукумат томонидан жуда катта эътибор қаратилаётганлигини инобатга олиб, зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатидан достончилик санъатини рўйхатнинг бошқа қисмига ўтказиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, бизга алоқадор бўлган лекин бошқа давлатлар томонидан ЮНЕСКОнинг НММ репрезентатив рўйхатига киритилган ўтов, кураш, кўпкари сингари номзодларга қўшилиш таклифини билдирди. Кенгаш аъзоларидан миллий рўйхатни синчиклаб ўрганиб чиқиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Таклифида яна бир жиҳатни яъни номоддий маданий меросга доир меъёрий ҳужжатларга кўра ушбу рўйхат ҳар йили янгилаб борилиши кераклиги ҳамда Кенгаш шўъбаларига масъул мутахассислардан Миллий рўйхатнинг ўзига тегишли қисми юзасидан аниқ таклиф-мулоҳазалар билдиришларини сўраб, имкон қадар ноёб номоддий маданий меросларни сақлаб қолиш кераклиги тўғрисида фикр билдирди.

Шундан сўнг филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов бу таклифларнинг айримига қўшилмаслигини айтиб, бахшичилик ва достончилик санъати ҳар доим зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган рўйхатда акс этиши кераклигини, бу санъатни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Шу тариқа йиғилиш қизиқарли баҳс-мунозара ва тортишувларга бой тарзда давом этди. Маъруза давомида иштирокчилар Ўзбекистон номоддий маданий мерос объектлари миллий рўйхати билан танишиб чиқдилар ва рўйхатда айрим камчиликлар борлигини уларни тўғрилаш кераклигини таъкидладилар.

Маҳаллий рўйхатни ўзгартириш керак. Ўзбекистонда кўп миллатлар яшайди. Шуни инобатга олган ҳолда тузиш керак.Рўйхатнинг табиат ва коинотга доир қисмига ўзгартиришлар киритиш ҳамда ўланчилик санъатини моҳофаза остига олиш лозим, – дейди профессор Маматқул Жўраев.

Кенгаш аъзоси Лола Мухутова айрим вилоятларнинг маҳаллий рўйхати анъанавий ҳунармандчилик йўналишига пазандалик ҳам киритилганлиги, бу эса нотўғри эканлигини таъкидлаб, хаттотлик санъатини зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозимлигини билдирди.

Филология фанлари номзоди Ойгул Аҳмедова номоддий маданий меросни оммавий ахборот воситалари орқали янада кенгроқ ёритилишини ҳамда телевиденияда махсус кўрсатув ташкил этиш лозимлиги бўйича таклиф берди.

Кенгаш сўнгида Марказнинг Ижодий бирлашмалар ва халқ ижодиётини илмий-методик таъминлаш бўлими бошлиғи Ҳилола Хўжаева Марказ мутахассислари томонидан тайёрланган Номоддий маданий меросга доир “Қодир бахши ҳақида хотиралар” ҳамда “Маросим ва меҳнат қўшиқлари” услубий қўлланма лойиҳаларини кенгаш аъзоларига тақдим этди. Услубий қўлланмалар кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, унда айрим камчилликлар борлиги ва бу камчиликлар бартараф этилса, қўлланмаларни нашр қилишга тавсия этиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Мунозаралар якунида номоддий маданий меросни сақлаш ҳамда уни тарғиб қилиш, йўқолиб кетмаслигининг олдини олиш, ёшлар орасида тарғиб этиш бугунги кунда айни зарурат эканлигига эътибор қаратилиб, бу борада қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тўғрисида мулоҳазалар билдирилди ва қўллаб-қувватланди.

 

Нилуфар КАРИМОВА

Республика маданият муассасалари

Фаолиятини ташкил этиш илмий-методик

Маркази мутахассиси

Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги

Поделиться