Жиззахда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ёш мутахассисларнинг касб маҳоратини оширишга кенг имконият яратиш, уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган ёшлар қатнашди. Унда энг фаол ёш олим, шифокор, банк ходими, тарбиячи, ички ишлар ходими, қурувчи, транспортчи, ипакчилик саноати ходими, фермер номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
“Энг фаол ёш фермер” номинациясида Арнасой туманидаги “Умидбек ила Нуриддин” кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Нуриддин Туронов ғолиб чиқди. Иқтисодий тез юксалиб бораётган ушбу фермер хўжалиги ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни дадил жорий этаётгани билан бошқалардан ажралиб туради.
– Бугун қишлоқ хўжалигида эски усулда ишлаб бўлмаслиги кўриниб турибди, – дейди Н.Туронов. – Айниқса, ер, сув шароити бирмунча оғир бўлган туманимизда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишни янги технологияларсиз тасаввур этиш қийин. Айни пайтда хўжалигимизнинг барча тармоқларида янги ишлаб чиқариш технологияларини кенг қўллашга ҳаракат қилаётирмиз.
Турли йўналишларда ғолибликни қўлга киритган ёш мутахассислар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Тошқул Бекназаров, ЎзА
Манба: ЎзА