Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги делегацияси Қозоғистон Республикасига ташриф буюрди
2018-06-12 | Таълим
Европа Иттифоқининг «Марказий Осиё таълим платформаси» (Central Asia education platform) лойиҳаси доирасида Қозоғистон Республикасининг Алмата шаҳрида жорий йил 30 май – 1 июнь кунлари бўлиб ўтган «Таълим соҳасида маълумотлар тўплаш ва аниқ маълумотлар асосида истиқболли чора-тадбирлар белгилаш» мавзусидаги халқаро минтақавий анжуманда вазирлик делегацияси иштирок этди.
Анжуман Европа Иттифоқининг «Марказий Осиё таълим платформаси» лойиҳаси доирасида 2017 йил 23 июнь куни Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи таълим вазирлари томонидан қабул қилинган Қўшма баёнотга мувофиқ ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги делегацияси таркибида вазирликнинг Назорат ва мониторинг бошқармаси бошлиғи (Р.Аллаберганов), Самарқанд давлат университетининг «Иқтисодий назария» кафедраси мудири (Д.Насимов), Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик дастурларини шакллантириш ва уни мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари (Т.Кушимбетов) анжуманда фаол қатнашди.
Анжуманда Марказий Осиё давлатлари ҳамда Европа мамлакатлари делегациялари иштирок этди. Анжуман сессияларида олий таълим тизими раҳбар ходимлари, корхоналар, бизнес-ассоциациялар ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик, яъни таълим тизимида ишончли маълумотларни тўплаш, уларни таҳлил қилиш ва тизимлаштириш,битирувчиларни ишга жойлаштириш, таълим жараёнида иш берувчиларнинг иштирокини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар ва амалиётга бағишланган маърузалар ҳамда давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Ушбу давра суҳбатлари давомида мавзуга оид муаммолар, таълим соҳасини янада ривожлантиришнинг муҳим омиллари юзасидан фикр алмашилди.
Муайян соҳада Германия, Полша, Латвия, Литва, Козоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг тажрибалари билан яқиндан танишилди. Бунда университетлар тажрибали, профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқариш ва бизнес муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари, корхоналарнинг ўқув жараёнини ташкил этишдаги иштироки ҳамда битирувчиларни иш билан таъминлаш стратегиялари ҳақида маълумотлар олинди.
Анжуман ва унинг доирасидаги давра суҳбатлари кўтаринки руҳда, савол-жавоблар ва қизғин мунозараларга бой бўлди. Қозоғистон Республикасига амалга оширилган сафар сермазмун бўлиб, таълим сифатини ошириш, тизимни ривожлантириш ҳамда халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги