Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги нутқи

2018-06-12 | ШҲТ

Муҳтарам жаноб Си Цзиньпин!
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Мажлис иштирокчилари!
 
Ўзбекистон Республикаси делегацияси номидан Саммитнинг барча иштирокчиларини қутлайман, Хитой Халқ Республикаси Раиси жаноб Си Цзиньпинга самимий қабул ва учрашувимиз юксак даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдираман.
 
Бизнинг хитойлик шерикларимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик даврида жуда самарали ва муваффақиятли ишларни амалга оширди.
 
Бугун қабул қилинадиган ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси мазкур ишларнинг муҳим натижаларидан биридир.
 
Гўзал Циндао шаҳридаги Саммитимиз “Шанхай саккизлиги” раҳбарларининг биринчи учрашуви сифатида тарихда қолади.
 
Бу чуқур рамзий маънога эга бўлиб, айнан “8” рақами хитой халқида омад ва тараққиётни ифодалайди.
 
Ташкилотимиз аҳолиси бирданига бир ярим миллиардга кўпайди, унинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти сезиларли даражада кенгайди.
 
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ҳиндистон ва Покистондек давлатларнинг ШҲТ фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун мутлақо янги имкониятлар яратади.
 
Айни пайтда Ташкилотимизнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантириш, Евроосиё қитъаси хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим механизми сифатидаги роли кучайиб бормоқда.
 
ШҲТ янада муваффақиятли ривожланиб бораверишига қатъий ишонамиз.
 
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
 
Марказий Осиё барқарорлиги ва тараққиётини таъминлаш Ташкилотимизнинг асосий мақсадларига эришиш, унинг олдида турган вазифаларни ҳал этишда муҳим омиллардан биридир.
 
Шу муносабат билан минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланганини катта мамнуният билан таъкидламоқчиман.
 
Биз қисқа вақт ичида минтақадаги ўткир муаммолар, жумладан, чегара, савдо, транспорт ва сувдан фойдаланиш масалаларини амалий ҳал қилиш йўлида анча катта марраларни босиб ўтишга эришдик.
 
Шу билан бирга, Афғонистонда тинчликка эришиш, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолмоқда.
 
Барча томонларнинг олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тинчлик музокараларини тез фурсатда бошлашни бир овоздан маъқуллагани Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз билан яқинда Тошкентда ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг асосий натижаси бўлди.
 
Ишончим комил, “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида биз Афғонистоннинг тинч тараққиётини таъминлашга салмоқли ҳисса қўша оламиз.
 
Муҳтарам делегациялар раҳбарлари!
 
Биз ШҲТ доирасида кўплаб натижаларга эришдик. Шу билан бирга, Ташкилот доирасидаги шерикликни янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжуд.
 
Шу муносабат билан барчамиз қуйидаги масалаларга эътибор қаратишимиз лозим.
 
Биринчидан ва энг асосийси – аҳоли, айниқса, ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш.
 
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга миннатдорлик билдираман.
 
Ишонамизки, ушбу Дастурни амалга оширишда ШҲТ Ёшлар кенгаши ҳақиқий "локомотив" вазифасини ўтайди. Ўзбекистон ушбу тузилма фаолиятида фаол иштирок этади.
 
БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш йўлидаги ҳамкорлигимизни янада кучайтиришни таклиф этаман.
 
Иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперацияни кучайтириш.
 
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчилари ва шериклари билан савдо ҳажми ўттиз фоиздан зиёд ошди.
 
Бизнинг фикримизча, товар айирбошлаш ҳажми янада ошишини таъминлаш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш зарур.
 
Биз, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш тарафдоримиз.
 
Учинчидан, ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш – стратегик вазифамиздир.
 
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақалараро транспорт лойиҳаларини амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз. Бизга жаҳоннинг энг йирик бозорларига элтадиган янги ва энг қисқа йўналишлар керак.
 
Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл линияларини қуриш тарафдори.
 
Айнан шу мақсадда Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказиш режалаштирилмоқда.
 
Бундан ташқари, ШҲТнинг Халқаро транспорт-логистика ассоциациясини таъсис этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
 
Тўртинчидан, Инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга даъват этамиз.
 
Бизнинг шериклигимиз юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергетика ва замонавий тиббиётни ривожлантириши ва кенг жорий этишга қаратилиши лозим.
 
Ҳар йили ШҲТ мамлакатлари ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форумини ўтказишни таклиф этамиз
 
Бешинчидан, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсадга мувофиқ ва ғоят долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
 
Ўзбекистон биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан тамаддунлар чорраҳаси – Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» туризм университети ташкил этишни таклиф қилади.
 
Мазкур ўқув муассасасида туризм соҳасининг энг яхши мутахассислари дарс бериши, барча аъзо мамлакатлардан талабалар таҳсил олиши мумкин бўлади.
 
Муҳтарам дўстлар!
 
ШҲТ Бош котиби лавозимига Владимир Имомович Норов номзодини қўллаб-қувватлаганингиз учун Сизларга самимий миннатдорлик билдираман.
 
Сўзим якунида Хитой Халқ Республикаси Раиси жаноб Си Цзиньпинга Циндаодаги тарихий Саммитнинг муваффақиятли ўтказилишига шахсан катта ҳисса қўшгани учун яна бир бор чин қалбимдан миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
 
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Шарипович Жээнбековни ШҲТга раисликни қабул қилгани билан табриклайман ҳамда ушбу шарафли ва масъулиятли миссияни бажаришда унга улкан муваффақиятлар тилайман.
 
Эътиборингиз учун раҳмат.

Манба: ЎзА

Поделиться