Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фарғона вилояти. “Обод қишлоқ” дастури доирасида 163,3 миллиард сўм маблағ сарфланади

2018-06-11 | Жамият

Фарғона вилоятининг 15 туманида “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Дастур доирасида барча манбалар ҳисобидан жами 163,3 миллиард сўм маблағ сарфланади.

Юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилишдир. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган навбатдаги янги тизим – “Обод қишлоқ” дастури қишлоқлар, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган аҳоли ҳаётида чин маънода янги саҳифа очди. Бундай бунёдкорлик ишлари қишлоқларга замонавий қиёфа бағишлаб, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга муносабатини тубдан ўзгартирмоқда. 
 
Фарғона туманидаги Миндонобод қишлоғида ҳам бугун ободонлаштириш ишлари авжида. Йўлнинг ҳар икки томонида қад ростлаган замонавий, ўзига хос меъморчилик анъаналари билан қад ростлаган намунавий лойиҳадаги уйлар бу масканга ўзгача таровот бағишлаётир. Қишлоқдаги 916 хонадонда истиқомат қилаётган 4 минг 176 нафар аҳоли учун қулай шароитлар яратилмоқда. Кишилар яшаш турмуш тарзини янада яхшилаш пухта ишлаб чиқилган “йўл харитаси”га асосан олиб борилаётир. 10 ташкилот масъул этиб белгиланган бу харитада жами 6 миллиард 110,2 миллион сўмлик иш бажарилиши кўзда тутилган. Дастур асосида қишлоқда замонавий мактаб биноси, оилавий поликлиника ва учта мактабгача таълим муассасаси янгитдан қурилади.
 
Шу ҳақда мутасаддилар билан суҳбатлашар эканмиз, хусусий тадбиркор Шаҳноза Мадалиеванинг ташаббуси қизиқишимизни янада оширди. 150 ўринга мўлжалланган ва спорт-соғломлаштиришга ихтисослаштирилган нодавлат мактабгача таълим муассасаси қурилиши лойиҳаси билан танишиб, унинг ўзига хослиги, жаҳон андозаларига мослиги эътиборимизни тортди.
 
– Хусусий мактабгача таълим муассасаларига берилаётган имкониятлар, шунингдек, “Обод қишлоқ” дастурида илгари сурилган чора-тадбирлар хусусий боғча очишимга туртки бўлди, – дейди тадбиркор Ш.Мадалиева. – Муассаса учун ажратилган 25 сотих бўш ерда куни кеча пойдевор қуйиш ишлари бошланди. Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, уларнинг болаликданоқ спортга ошно тутинишига эришиш мақсадида муассасада бадиий гимнастика, акробатика, футбол, баскетбол, таэквондо сингари спорт йўналишлари фаолият кўрсатади. Мини-спорт майдонларининг бино том қисмида жойлашишида архитектура талаблари инобатга олинди. Насиб этса, муассасамиз Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамига туҳфа сифатида фойдаланишга топширилади.
 
Мададкор ва Байналмилал кўчаларидаги ички йўлларга шағал ётқизилмоқда. Маҳалла аҳли учун жиддий муаммо бўлиб келаётган бу масалани ҳал этиш учун 7 километр йўлни жорий таъмирлашга 491 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Тадбиркорларимиз саъй-ҳаракати туфайли катта гузар барпо этилмоқда. Савдо дўкони, новвойхона, сартарошхона, умумий овқатланиш мажмуаси, пойабзал таъмирлаш, қассобхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг бир гузарда жойлаштирилаётгани Миндонобод аҳлига жуда манзур бўлмоқда.
 
“Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам дастур асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. “Йўл харитаси”даги чора-тадбирлар туфайли, аввало, Марғилон кўчасидаги хонадонларнинг аксариятида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
 
– Маҳалладаги уйларнинг томи янгиланди, дарвозаю деворларга янгича чирой берилди, – дейди Марғилон кўчасидаги 382-хонадон соҳибаси О.Тоштемирова. – Дарвозаларимиз олди обод бўлди, гулзорлар барпо этилди. Энди бундан ўзимизнинг ҳам кўзимиз яшнаб, дилимиз қувнамоқда.
 
Марғилон кўчасидаги 135 хонадоннинг фасад қисми таъмирланиб, 3 километрлик сув тармоғи тортилмоқда. Айни пайтда маҳалланинг Тинчлик, Майдон, Хуррам, Илғор, Давр, Алишер Навоий кўчаларида йўлларни жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
 
Дастур асосида олиб борилаётган ишлар кўлами Олтиариқ туманида ҳам кенг қулоч ёйган. Туманнинг энг йирик қишлоқлари Қапчуғай, Полосон, Тинчлик ва уларда жойлашган 10 маҳалла фуқаролар йиғини айни пайтда бунёдкорлик майдонига айланган. Чунки бу ҳудудларда йўлсозлар, қурувчи ва меъморлар, тадбиркорлар, кенг аҳоли вакиллари елкама-елка меҳнат қилаётгани туфайли янгидан-янги объектлар барпо этилиб, ишга туширилмоқда. Кўчаларнинг умумий манзарасига ярашмайдиган эски турар жойлар бугунги меъморчилик талабларига мослаштирилмоқда.
 
Ҳар қандай натижа, аввало, рақамларда акс этади. Бу ердаги ҳисоб-китобларда ҳам амалий ишлар кўлами яққол намоён. Хусусан, Полосон ва Тинчлик қишлоқларидаги хонадонлар том қисми янгиланди, 444 хонадоннинг фасад қисми ва 384 дарвоза бўялди. Мазкур ҳудудларнинг 8 километр қисмидаги ёғоч устунлар бетон устунларга алмаштирилди. 360 дона кўча чироғи ўрнатилди, 11 трансформатор таъмирланди.
 
Ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 5,8 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 3 сув минораси таъмирланди. 4 километр оқова сув тармоғи тозаланди ҳамда 300 метр оқова сув тармоғи янгитдан ётқизилди. Ҳудуддаги қишлоқлар аҳолисига хизмат кўрсатувчи 100 ўринли 89-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам қайта реконструкция қилинди.
 
– Саломатлик масканимиз 20 мингдан ортиқ аҳолига хизмат қилади. Шуни инобатга олиб, бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. “Саломатлик – 2” лойиҳаси доирасида янги тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Шифохонамизнинг ўзида ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилгани ҳам аҳолига қулайлик туғдирмоқда, – дейди поликлиника бош шифокори М.Алиева.
 
Мамлакатимизда яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар полосонлик тадбиркорларга ҳам қанот бермоқда. Масалан, маҳаллада иш бошлаган икки қаватли бино аҳолига кенг турда хизмат кўрсатувчи масканга айланди. Умумий овқатланиш мажмуаси билан биргаликда фаолият бошлаган аёллар сартарошхонаси, келинлар либоси дўкони ва чевархонада аксарият ёшлар ишламоқда. Ф.Эргашеванинг ишбилармонлиги туфайли биргина чевархонанинг ўзида кўплаб қизлар ҳунар ўрганмоқда.
 
– Олтиариқ маиший хизмат касб-ҳунар коллежини тугатганман, – дейди М.Давронова. – Мана, 3 ойдан буён шу ерда касб ўрганмоқдаман. Сабоқларни замонавий тикув машиналарида ўзлаштираётганимиз ҳунарга қизиқишимизни янада оширмоқда.
 
Тинчлик шаҳарчасидаги эзгу юмушлар ҳам қизғин паллага кирган. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилди, гулзорлар тароватидан янада чирой очди. 300 ўринли тадбирлар зали замонавий кўриниш олди. Бу вазифаларни бажаришга заводнинг 200 нафар ишчи-хизматчиси жалб этилди. Маданият саройи саҳнида тез кунларда болалар аттракционлари, шунингдек, кичик деҳқон бозорчаси, маиший хизмат объектлари, китоб дўкони, интернет маркази фойдаланишга топширилади.
 
Шаҳарчадаги "Янги ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғинининг катта йўл бўйида жойлашган манзилларида ҳақиқий маънода янги ҳаёт бошланмоқда. Йиғин раиси Т.Раҳмоновнинг таъкидлашича, аввало, Дастурга киритилган 257 хонадон, 4 та кўп қаватли уйда яшовчи юртдошларимизнинг талаб ва таклифлари, мақсадлари ўрганилди. Эҳтиёжманд ва ночор фуқароларнинг хонадонига ширкат ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалий ёрдам кўрсатилди. Кўплаб уйларда таъмирлаш-қурилиш ишлари бажарилди. Бу эзгу юмушларда вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар, хусусий тадбиркорлар, эл ардоғидаги санъаткорлар ҳам фаол иштирок этаётир.
 
Улкан ўзгаришларга сабаб бўлаётган бундай янгиланишлар тегишли ҳудудлари Дастурга киритилган "Шарқ", "Қувурбоши", "Ёшлик", "Дўстлик", "Ўзбекистон", "Абу Али ибн Сино", "Абу Райҳон Беруний", "Алишер Навоий" маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам олиб борилмоқда.
 
Дарҳақиқат, ҳозир Олтиариққа келган киши бу қишлоқларни танимайди, тўғрироғи, ўзи учун қайтадан кашф этади. Қапчуғай, Тинчлик ва Полосон баҳордан дарак берувчи бодом гуллари каби гўзалликка бурканмоқда. Бу кўрк тез орада Олтиариқнинг барча маҳаллаларини қуршаб олиши шубҳасиз.
 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться