Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм соҳасини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар
2018-06-11 | Туризм
Сўнгги пайтларда туризм соҳасига жиддий эътибор қаратилмоқда. Соҳа учун мутахассис кадрларни етиштириш, меҳмонхоналар, сайёҳлик агентликлари учун малакали кадрлар тайёрлаш, бу борада ушбу тизимда учрайдиган муаммоларни бартараф этиш, кадрлар етказиб бериш борасида таълим тизимларида учрайдиган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ечим топиш бугунги кунда соҳа тизимидаги асосий муаммолардан бирига айланган. Шу мавзу юзасидан туризм бошқармаларида семинарлар уюштирилиб келиняпти.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан жорий йилнинг 8-июнь куни Бухорода «Туризм соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш: муаммо ва ечимлар» мавзусида амалий семинар ўтказилди. Семинарда иш берувчи масканлар раҳбарлари, туризм соҳасида кадрлар етиштириб берувчи муассасалар ўқитувчилари, сайёҳлик агентликлари вакиллари Бухоро вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари ҳамда таржимон мутахассислар иштирок этишди. Ушбу амалий семинарда юқорида таъкидлаб ўтилган фикрлар билан бир қаторда тизим доирасидаги кадрлар етиштириб бериш, уларни соҳага йўналтириш мобайнида учрайдиган муаммоларни бартараф этиш, иш берувчилар ҳамда кадр етиштириб берувчи масканлар орасида узвий алоқа ўрнатиш ва мустаҳкамлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили А.Аллабергановдан маъруза тингланди. Қолаверса, соҳа ривожи ва сайёҳларни жалб қилиш учун яратилиши керак бўлган шарт-шароитлар тўғрисидаги турли фикр ва таклифлар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги