Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Долзарб мавзудаги халқаро анжуман
2018-06-11 | Сиёсат
Тошкент шаҳрида 2018 йил 11 июнь куни “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида ўтказилмоқда.
Конференцияда БМТ, ЕИ, ЕХҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Нидерландия, Латвия, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Қувайт, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон сингари мамлакатлар делегациялари, хорижлик экспертлар, сенаторлар, депутатлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, фан арбоблари, ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, ЕХҲТ Бош котиби Т.Гремингер, БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича Элчиси Жаятма Викраманаяке, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили П.Буриан, БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси таркибидаги Аксилтеррор марказининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Кангинг Го, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов анжуман иштирокчиларини қутлар экан, бугунги кунда тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солаётганини, ушбу глобал хатарга қарши жаҳон ҳамжамияти биргаликда курашмоғи лозимлигини таъкидладилар.
Эътироф этилишича, бу борада Ўзбекистон тутаётган йўл, кўраётган чора-тадбирлар ва халқаро миқёсда илгари сураётган ташаббуслар диққатга моликдир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида сўнгги йилларда терроризмга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганини таъкидлаган эди. Ушбу жараёнда айниқса ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа, чунки бугунги дунё ёшлари сони 2 миллиард кишини ташкил қилгани ҳолда, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратган эдилар.
Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ, куни кеча ШҲТ саммитида давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилингани яна бир аҳамиятли воқеа бўлди.
Халқаро анжуманда ёшлар орасида терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари ҳам муҳокама қилинди.
Нотиқлар фикрича, терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализм каби таҳдидлардан ёшларни асраш учун уларнинг хабардорлигини ошириш, ёш авлод ўртасида таълим-маърифий ишларини кучайтириш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, бу борада халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, барча давлатлар ёшларини мазкур таҳдидларга қарши қатъий курашиш йўлида бирлаштириш лозим. Анжуманда тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг олдини олишда замонавий таҳдидлар ва ёшлар ташкилотларининг ўрни, навқирон авлод ўртасида терроризмга сабаб бўлувчи омилларга қарши курашиш бўйича комплекс ёндашув, минтақа мамлакатлари ёшларининг халқаро уюшмасини ташкил этиш юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Халқаро конференция ишида ялпи сессиялар доирасида муҳим йўналишлар бўйича хорижий ва миллий эксперт ҳамда мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати