Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Франция: ҳамкорлик янги босқичда давом этади
2018-06-11 | Жамият
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Франция тараққиёт агентлигининг лойиҳа раҳбари Александр Монтейро бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.
Вилоят ҳокими Т.Жўраев меҳмонларга вилоятда чиқиндиларни қайта ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Ушбу йўналишда франциялик ҳамкорлар билан бирга Самарқанд шаҳрида хонадонлардан чиқадиган маиший чиқиндиларни шаҳардан ташқарига олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилиши келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратишини қайд этди.
Умумий қиймати 37 миллион евро бўлган лойиҳа уч йил давомида амалга оширилади. Шундан 23 миллион евро Франция тараққиёт агентлиги маблағи, 8 миллион евро Европа Иттифоқи томонидан грант тарзида ажратилади.
Франция тараққиёт агентлиги лойиҳани тўлиқ амалга оширгач, иш жараёнини “Мароқанд обод” давлат унитар корхонаси ташкил этади. Ташкил қилинадиган корхонанинг йиллик қуввати 400 минг тонна чиқиндини қайта ишлашга мўлжалланган.
Айни пайтда шаҳарда маиший чиқиндиларни чиқариш билан бир нечта корхона шуғулланмоқда. Янги лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, чиқиндиларни йиғиш ва чиқариш “Мароқанд обод” корхонаси зиммасида бўлади. Чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш ва қайта ишлаш жараёни учун махсус замонавий техникалар жорий қилинади.
Учрашув якунида вилоят ҳокимлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги