Қаҳрамон Қуронбоев: Ёшларига эгалик қила олган мамлакат уларнинг муносиб келажагини таъминлай олади
“Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзуига бағишланган халқаро конференция давом этмоқда.
Мавзу юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ўз фикрларини билдирди.
– Дунёда терроризм хавфи тобора кучайиб бораётган бир вақтда, бу каби кенг кўламли ва аниқ мақсадли тадбирларнинг ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга, – деди Қ.Қуронбоев. – Зеро, Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши учун радикализм ва экстремизм етарли даражада хавф туғдиради.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шу боис мамлакатимизда ёшларга эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятимизни давлат ва фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда олиб бормоқдамиз. Бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 10 миллиондан ортиқ йигит-қизни ўз атрофига бирлаштирган. 2017 йили 50 мингдан зиёд ёш ташкилотимиз кўмагида уйли бўлди. Бу давлатимизнинг ёшлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва турмуш кечириши учун етарли шароит яратиб бериш борасидаги интилишларини акс эттиради.
Қ.Қуронбоев, шунингдек, терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли нималардан иборат бўлиши кераклиги ҳақидаги ўз фикрларини билдирди.
– Ҳозирги ёшларнинг маълум қисми муносиб турмуш шароити истаб хорижга кетмоқда. Миграция натижасида бегона тил ва маданият билан юзланган авлод биринчи навбатда экстремистлар таъсирига тушиб қолиши ҳаммамизга маълум. Энг муҳим масала — хориждаги ана шу ёшлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни турли хавфли гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишдир. Ёшларига эгалик қила олган мамлакат уларнинг муносиб келажагини таъминлай олади. Ўзбекистонда хориждаги ёшлар билан ишлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА
Манба: ЎзА