Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватандошлар Ўзбекистондаги ўзгаришларда иштирок этишни истайдилар
2018-06-11 | Жамият
2018 йилнинг 9 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ва Буюк Британиядаги Элчихонаси томонидан қатор ўқув юртлари талаба ва ўқитувчилари, Лондон ҳамда Британия ва Норвегиянинг бошқа шаҳарларида истиқомат қилаётган ватандошлар билан видеоконференция шаклида мулоқот ўтказилди.
Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби магистранти Диёра Рафиева, Кембридж университети битирувчиси Тимур Юнусов ва бошқалар ватанимизда ҳаётнинг деярли барча соҳаларида олиб борилаётган ўзгаришларни илиқ кутиб олдилар ва қизғин қўллаб-қувватладилар ва унга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини изҳор этдилар.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар ватандан узоқда бўлган ҳамюртларимизда қизиқиш уйғотмоқда, шунингдек, хорижий давлат раҳбарлари, жамоатчилиги ва ОАВ томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бўлиб ўтган суҳбат давомида келажакда ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди, жумладан Ўзбекистон маҳсулотларини Буюк Британияга экспорт қилиш, инвестиция, замонавий технологиялар жалб қилиш, илмий ва маданий алмашинувни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўз нутқларида ташқи ишлар Вазири ўринбосари Абдужабар Абдувахитов ва мамлакатимизнинг Лондон шаҳридаги Элчиси Алишер Шайхов ватандошларимизнинг мамлакатимиз билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган интилишларини қўллаб-қувватладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги