Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий Осиё халқаро экология форуми: ҳамкорлик давом этади
2018-06-08 | Экология
Тошкент шаҳрида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш» мавзусида ўтказилган уч кунлик Марказий Осиё халқаро экология форуми ўз ишини якунлади.
Анжуман ёпилишида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Қўчқоров, Марказий Осиё минтақавий экология маркази ижрочи директори И.Абдуллаев, Тожикистон Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Х.Ибодзода, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги экологик тартибга солиш ва назорат қўмитаси раиси ўринбосари З.Жолдасов, Қирғизистон Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги директори ўринбосари А.Риспеков ва бошқалар ўтказилган халқаро форум атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича аниқ лойиҳаларни белгилаб олиш, сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш, табиий биохилма-хилликни сақлаш, ҳайвонот ва наботот оламини асраб-авайлашда зарур чораларни амалга оширишда Марказий Осиё давлатлари манфаатларини уйғунлаштиришга хизмат қилишини қайд этди.
Форум доирасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, сув, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган сессиялар ўтказилди. Шунингдек, «Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик» лойиҳаси асосида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ишчи гуруҳларининг йиғилишлари бўлиб ўтди.
– Халқаро форумда қизғин баҳс-мунозаралар бўлди, – деди Афғонистон Ислом Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги бош директори Шоҳ Замон Майванди. – Форум биз учун мазмунли ва фойдали бўлди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳамкорликка келишиб олдик. Шуни ҳам таъкидлашим керакки, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши масалаларига ёндашувларда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида муштараклик мавжудлиги Афғонистон учун муҳимдир.
Форум Ўзбекистон учун хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликка кенг йўл очди. Жумладан, Италия атроф-муҳит вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди, Германия атроф-муҳит вазирлиги билан қўшма ҳужжатлар имзоланди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мақсадли келишувларга эришилди.
Анжуман доирасида “Чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари. Атроф-муҳит муҳофазаси. Энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги – GETCA 2018” ихтисослаштирилган кўргазмаси, бизнес-форум, «Марказий Осиё ёшлари» деб номланган тадбир ўтказилди ҳамда Оролбўйи ҳудудига саёҳат уюштирилди.
Форум ёпилишида Марказий Осиё ёшларининг атроф-муҳитни асраш ва экологик муаммоларни бартараф этишда биргаликда курашишга бағишланган мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА