Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Польша сиёсий маслаҳатлашувлари тўғрисида
2018-06-07 | Сиёсат
2018 йилнинг 7 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Польша ташқи ишлар вазирлари вакиллари сиёсий маслаҳатлашувларининг еттинчи раунди бўлиб ўтди.
Польша Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Анджей Папеж бошчилигидаги делегация билан ТИВда бўлиб ўтган учрашув давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари биргаликда таҳлил қилинди.
Учрашувда олий ва юқори даражалардаги икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш, парламентлараро алмашинув, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини Варшава шаҳрида ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, шу кунга қадар Ўзбекистон-Польша муносабатларида 41 ҳужжатдан иборат мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос яратилди. Томонлар Ўзбекистон ва Польшанинг давлат ва жамоатчилик тузилмалари, бизнес, фан ва таълим муассасалари, маданият ва санъат вакиллари ўртасида улкан ижобий ҳамкорлик тажрибаси орттирилди.
Учрашувда алоҳида эътибор ўзаро савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий қадамларга қаратилди. Шу ўринда Польша делегацияси таркибида ўзбекистонлик ҳамкорлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишдан манфаатдор Польша етакчи компаниялари вакиллари борлиги, Тошкент ва Бухорода бизнес форумлари режалаштирилганлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтайи назардан Польша инвестиция ва савдо агентлиги ваколатхонасини Тошкент шаҳрида очиш бўйича Польша томони қарорини Ўзбекистон томони қўллаб-қувватлади.
Маслаҳатлашувлар доирасида томонларни қизиқтирган айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Музокараларда Польша Элчиси Пётр Ивашкевиш иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги