Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қозоқ-немис университети талабалари Ўзбекистонда
2018-06-07 | Таълим
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти негизида Қозоқ-немис университети талабалари учун «Сув ресурсларидан фойдаланиш асослари: назария, амалиёт ва илмий тадқиқотлар интеграцияси» мавзуида ёзги ўқув курси ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Марказий Осиё минтақавий экология маркази ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигидаги «Сув, таълим ва ҳамкорлик» (“Smart Waters”) лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқув курсида иштирок этаётган Қозоқ-немис университети талабалари – Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатлар вакилларидир.
Ёзги ўқув курсининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда институт ректори Ўктам Умурзоқов, Қозоқ-немис университети ректори, доктор Маркус Кайзер, USAIDнинг Ўзбекистондаги директори Гэри Роббинс ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, сув ресурсларидан фойдаланиш борасида янгиликлар, илмий асослар бўйича икки мамлакат олийгоҳлари ўртасида ҳамкорлик талабаларга мустаҳкам билим бериш ҳамда амалий кўникмалар ҳосил қилишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Сув ресурслари минтақавий барқарор тараққиётда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу сабабли умумий сув ресурсларини самарали бошқариш ва фойдаланиш айни кун талабидир. USAID молиялаштираётган “Smart Waters” лойиҳаси Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонда 2015 йилдан буён татбиқ этилмоқда. Марказий Осиё минтақавий экология маркази томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг мақсади сув ресурсларини барқарор бошқариш масалалари бўйича стратегик тавсиялар бериш, ўзаро ҳамкорликнинг профессионал тармоғини яратишни қўллаб-қувватлаш ҳамда салоҳиятини ошириш ва минтақавий мулоқотни ривожлантиришдан иборат.
– Қозоқ-немис университети талабаларига соҳа бўйича назарий-амалий билим бериш ва икки олийгоҳ талабалари ўртасида ўзаро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш асосий мақсадимиз, – деди институтнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Илҳом Абдураҳмонов. – Дастур бўйича 14 нафар талаба 102 ўқув соати мобайнида назарий, амалий, лаборатория ва мустақил машғулотларда қатнашади. Шунингдек, улар ирригация ва мелиорация объектлари, сувни тежовчи технологиялар ўрнатилган жойларда сайёр машғулотлар ўтайди.
– Талабаларимиз Тошкент шаҳридаги нуфузли институтда шундай курс ўтаётганидан жуда хурсандман. Уни ташкил этиш бўйича астойдил ишладик. Энди улар икки ҳафта мобайнида ўзбекистонлик тажрибали профессор ва ўқитувчиларнинг мазмунли ва қизиқарли маърузаларини тинглашади, – деди Қозоқ-немис университети ректори, доктор Маркус Кайзер.
Ўқув курсида талабалар сув ресурсларини ҳавзалар даражасида бошқариш асослари, ирригацион тизимларда оқимларнинг оқиш қонунияти, гидротехник иншоотларнинг эксплуатацион ишончлилиги ва хавфсизлиги, насос станциялари ва насослар эксплуатацияси, сув тежовчи суғориш технологиялари сингари модуллар билан танишади.
Талабалар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё халқаро экология форуми доирасида 7 июнь куни «Марказий Осиё ёшлари» деб номланган тадбирда ҳам иштирок этади.
Ёзги ўқув курси шу йилнинг 20 июнига қадар давом этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА