Бугун 6 июнь куни Хитойнинг Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ишбилармонлар кенгашининг бизнес-форуми бошланди.
Форумда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти таркибига кирувчи 8 мамлакат – Хитой, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Тожикистон қаторида Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар бермоқда.
Халқаро анжуман Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир стратегик алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестицияларни жалб қилиш, инновацияларни, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга бағишланган иккита пленар сессия шаклида бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов сўзга чиқди.
Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистоннинг кўпгина янги саноат корхоналарида, нефть ва газ, телекоммуникация, транспорт, тўқимачилик, туризм, қурилиш, кимё ва бошқа соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Биз ШҲТга аъзо давлатлар билан кўп қиррали савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қараймиз, деди А.Икромов.
Эслатиб ўтамиз, Форум 9-10 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги cаммити доирасида ўтказилмоқда.
Улуғбек Шоназаров тайёрлади, ЎзА
Манба: ЎзА