Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эрон ва Ўзбекистон давлатлари ҳамкорлик учрашуви
2018-06-05 | Туризм
Жорий йилнинг 1 июнь куни Эрон Ислом Республикасининг Йўл ва шаҳарсозлик вазири Аббос Оҳундий бошчилигидаги делегация Бухорога ташриф буюрди. Турли хил масалалар, шу жумладан, йўл транспорти, айниқса, темир йўл соҳасини яхшилаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-газ саноатида бир қанча қулайликлар яратиш, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига ўз фуқароларини саёҳатга жўнатиш борасида бир қанча масалалар кўриб чиқилди.
Икки давлат вакиллари ўртасидаги учрашувда транспорт масалалари алоҳида ўрин эгаллади. Темир йўл транспорти қаторида йўл ва ҳаво транспортларининг ҳам йўлга қўйилишини таъминлаш, Эроннинг денгиз портларигача етиб борадиган йўлларни қуриш, икки давлат ўртасида Теҳрон – Тошкент авиарейслари қатновини таъминлаш, бундан ташқари, транспорт билан таъминлангандан сўнг туризм соҳасида ҳам янгиланишлар қилиш, яъни, Эрон фуқароларини Бухорога саёҳатга жўнатиш, эронлик саёҳатчилар оқимини кўпайтириш каби фикрлар ўртага ташланди. Ҳар йили Эрондан 1 миллионга яқин саёҳатчи Туркия, Россия, Грузия ва дунёнинг бир қанча мамлакатларига саёҳатга чиқиши, уларни қадимий шаҳарлар қатори Ўзбекистоннинг кўҳна ҳудудлари ҳам жалб этиши, транспорт соҳасидаги йўллар қурилиши, виза эркинлиги каби муаммолар бартараф этилгач, Бухорога Эрондан сайёҳлар жўнатилиши ҳақида ҳам ўзаро келишиб олинди. Ҳамда келаётган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида юртимизнинг барча вилоятларида хавфсиз туризм хизмати жорий этилганлиги ташриф буюрган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги