Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш атлетларимиз Бухорода сараланди
2018-05-07 | Спорт
Бухоро шаҳрида енгил атлетика бўйича 2001-2002 йилларда туғилган спортчилар ўртасида мамлакат биринчилиги ўтказилди.
Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан мамлакатимизда ёшлар ўртасида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган енгил атлетика спорт турини янада оммалаштириш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб, терма жамоа сафига қўшиш мақсадида ўтказилган чемпионатда 350 нафарга яқин атлет ғолиблик учун куч синашди.
Чемпионатда турли масофага югуриш баҳсларида Азамат Тауров, Шуҳрат Азимов, Алишер Аҳматуллаев, Умид Ўктамов, Дилшод Бобоқулов, Азиз Рустамбеков, Фарида Солиева, Комила Мирсолиева, Сабоҳат Саимжонова, Мадина Ҳусанова, Ҳуснида Аҳмадова, Диана Яфасова маррага биринчи бўлиб етиб келди.
110 ва 400 метр масофага тўсиқлар оша югуришда Жавоҳир Зокирхўжаев ва Ҳаёт Ҳакимов ўғил болалар ўртасида ғолиб, деб топилган бўлса, қизлар ўртасида Хуршидабону Холлиева ҳамда Комила Мирсолиева олтин медалга сазовор бўлди.
Мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги саккизкураш баҳсларида Ҳусниддин Юсуфжонов 4390 балл билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Қизлар ўртасидаги еттикурашда 3635 балл билан Шаҳрибону Ғафуржонова барча рақибларини ортда қолдирди.
Босқон, ядро, найза ва диск улоқтириш беллашувларида Умид Ҳасанов, Рашид Содиқов, Ислом Собиржонов, Регина Адашбоева, Вероника Шетинина, Умида Мамажонова мамлакат чемпионига айланди.
Узунликка, уч ҳатлаб ва баландликка сакрашда Жавоҳир Нориев, Ислом Сибагатуллин, Саидали Саиднабиев, Роксана Худоёрова, Альбина Раззоқова, Ольга Шлентова биринчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА