Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳиндистон Давлат ташқи ишлар вазири билан учрашув тўғрисида
2018-05-04 | Сиёсат
2018 йилнинг 4 май куни “Терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши кураш” мавзусидаги халқаро конференцияда (Душанбе, 2018 йил 3-4 май кунлари) иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Республикаси Давлат ташқи ишлар вазири Мобашер Жавед Акбар билан учрашди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг амалий жиҳатлари, жумладан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.
Музокараларда 27 март куни Афғонистон бўйича "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзусидаги халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларациясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликнинг муайян механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув чоғида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлиси кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ушбу тадбирда Ҳиндистон томони биринчи марта ташкилотнинг тўлиқ аъзоси сифатида иштирок этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги