Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Уруш фахрийларига Президент совғалари топширилди

2018-05-04 | Жамият

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдулла Каримов Самарқанд шаҳридаги Намозгоҳ маҳалласида истиқомат қилади. Бу йил 94 баҳорни қарши олган отахон 18 ёшида фронтга кетиб, етти йилдан сўнг, Ғалабадан кейин ҳам тўрт йил ҳарбий хизматда бўлиб, 1949 йилда она юртига қайтиб келган. 

Самарқанд давлат университетида таҳсил олиб, узоқ йиллар шаҳардаги мактабларда ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берди. Турмуш ўртоғи Хосиятой Каримова билан 7 нафар фарзандни тарбиялаб, уйли-жойли қилди. 

Бугун фарзандлари ҳамда 60 га яқин невара, эвара ва чеваралари камолини кўриб, тинч-осойишта кунларимизга шукрона айтиб яшаётган отахоннинг ҳовлиси ҳар қачонгидан гавжум. Маҳалла аҳли, шаҳар жамоатчилиги вакиллари ушбу файзли хонадонга келиб, Абдулла бобони Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги билан табрикламоқда.

Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари А.Каримов хонадонига ташриф буюриб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг совғаси ва табрик хатини тантанали равишда топширди. 

Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов Абдулла бобонинг қўлига давлатимиз раҳбарининг туҳфаси – олтин соатни тақиб қўйиб, табрик хатини ўқиб берди.

Табрикдаги “Дунёни фашизм балосидан асраб қолишга, бугунги ёруғ кунларимизни таъминлашга ҳисса қўшган Сиздек мард ва қаҳрамон юртдошимизга бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман”, деган сўзлар Абдулла бобони тўлқинлантириб юборди. 

– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Абдулла Каримов. – Давлатимизнинг, Президентимизнинг доимий эътиборидамиз. Ҳар куни уйимизга келиб, ҳол сўраб туришибди. Ўтган йил байрам арафасида “Дамас” машинаси олган эдик. Бу йил 5 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширишди. Бундай эътибордан бошимиз кўкка етяпти, ёшимизга ёш қўшилмоқда. Илоҳим, юртимизни ёмон кўзлардан асрасин, осмонимиз доим мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Самарқанд ҳарбий гарнизони оркестри томонидан ҳарбий куй-қўшиқлар ижро этилди. Ўқувчи-ёшлар отахонни байрам билан табриклади. 

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими маълумотларига кўра, Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилда самарқандлик 97 нафар уруш қатнашчисига 5 миллион сўмдан пул мукофоти ва давлатимиз раҳбари совғалари топширилмоқда. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳам уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. 
 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться