Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа ташқи фаолият хизматининг Бош котиби ўринбосари билан учрашув тўғрисида
2018-05-04 | Сиёсат
2018 йилнинг 4 май куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Европа ташқи фаолият хизмати Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жан-Кристоф Бельяр билан учрашди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиш доирасида икки томонлама ҳамкорликнинг жадал кўриниши мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги олти ой давомида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси Витсе-президенти Федерика Могеринининг мамлакатимизга икки марта ташриф буюрди ва Ўзбекистон раҳбарияти билан самарали музокаралар ўтказди.
2018-йилнинг январь-февраль ойларида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан умумий савдо айланмаси 2017-йилнинг шу даврига нисбатан 12% ошиб, 375 миллион евродан кўпроқни ташкил этди.
«Ўзбекистон - Европа Иттифоқи» шаклидаги барча қўшма органлар мажлислари тизимли равишда ўтказилмоқда, шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги Битимни янгилаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Учрашув давомида халқаро ва минтақавий муаммоларнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Суҳбатда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги