Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон қадри улуғланган юрт
2018-05-04 | Жамият
Аждодлар хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш халқимизга хос фазилат.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш давлатимизнинг ҳамиша эътиборида бўлиб келмоқда.
Айни кунларда барча давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан ҳам жойларда кексалар ҳолидан хабар олиниб, улар иштирокида учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Партия фаоллари, депутатлар ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари Чилонзор тумани 2-Чарх Камолон маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон урушининг фронт орти фахрийлари хонадонларига ташриф буюриб, улар ҳолидан хабар олишди, дилдан суҳбат қуришди.
Фахрийлар дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонлик билан эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги, юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлиги таъкидланди.
2-Чарх Камолон маҳалласидаги “Завқий” кўчаси, 27-хонадонда истиқомат қилувчи фронт орти меҳнат фахрийси Ҳалима Носирова бугун 93 ёшда фарзандлари, невара ва чеваралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқда. Онахон қўли дуода, бугунги доруломон кунларга шукроналик келтириб, умргузаронлик қилмоқда. У бугун давлатимиз томонидан ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибордан мамнун.
– Мен уруш бошланганда балоғат ёшидаги қизалоқ эдим, – дейди онахон. – Халқимиз ўша йиллари жуда оғир қийинчиликларни бошдан кечирди. Уруш олови миллионлаб масофа узоқликда бўлишига қарамасдан фронт ортидаги, айниқса, биз каби аёллар, болалар ва кексаларнинг ҳаётини издан чиқарди. Уруш таъминотидаги бор оғирлик бизларнинг бўйнимизда эди. Шундай бир оғир даврда ҳам ўзбек аёллари ўз фарзандлари қатори уруш давом этаётган ҳудудлардан юртимизга кўчириб келтирилган минглаб болаларга оналик қилиб, уларни ўз фарзандларидек бағрига олди. Бугунгидек тинч-осойишта, бахтли кунлар ўша даврда ҳар бир онанинг орзуси эди.
Ушбу маҳаллада яшовчи Владимир Семушкиннинг ҳам айни ўсмирлик чоғлари ўша машъум уруш йилларига тўғри келади. Отахон ўшанда эндигина 13 ёшни қаршилаган бўлишига қарамасдан ҳарбий самолёт заводига ишга кириб, ўз тенгқурлари қатори урушдаги ғалаба ва бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун ўз ҳиссасини қўшди.
– Шу кунларга етказганига шукр, Президентимизнинг биз, фахрийларга кўрсатаётган ғамхўрлик ва эътибори ёшимизга ёш қўшмоқда, – дейди В.Семушкин. – Инсоният бошига уруш ҳеч қачон қайтмасин, биз кўрган кунларни бошқа ҳеч ким кўрмасин. Юртимиздаги тинчликка, халқимиз фаровонлигига, ёшларимиз қўлга киритаётган ютуқларга кўз тегмасин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА
Манба: ЎзА