Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Кичик қўмитанинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди
2018-05-04 | Жамият
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 январдаги 24/1-359-сон топшириғига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси томонидан жорий йил 27 апрел куни Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Кичик қўмитанинг биринчи мажлиси ўтказилди.
Мажлисда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, Элчи Э.Стипрайс, Европа Комиссиясининг Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бўлими бошлиғи Р.Иодис ҳамда Европа Иттифоқининг бошқа ташкилот ва ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ходжаев, бўлим бошлиғи), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф муҳит муҳофазаси бўйича давлат қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари ва вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ўз фаолиятини 2014-2020 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли индикатив дастур доирасида амалга оширмоқда. Ушбу дастур Республикамизда бир қатор масалаларга, жумладан ҳудудларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларидан фойдаланишни такомиллаштириш, экологик муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш ва бошқа долзарб йўналишларга қаратилган. Шунингдек, ушбу дастурда кадрлар тайёрлаш, олий таълим тизимини янада такомиллаштириш ва бу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган сегмент ҳам ўрин топган. Мазкур дастур амалга оширилишига Европа Иттифоқи томонидан 168 млн. евро маблағ ажратилган.
Мажлисда Европа Комиссияси бўлими бошлиғи Р.Иодис олий таълим соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини юқори баҳолади. Бу борада Марказий Осиё Таълим Платформаси (SAYER), ЭРАЗМУС+ лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар икки томонга ҳам катта фойда бераётганини таъкидлаб ўтди. SAYER лойиҳасининг самарадорлиги бевосита Ўзбекистоннинг сайи ҳаракатлари ва лойиҳадаги етакчилиги эвазига эришилаётганини эътироф этди.
Мажлисда амалга оширилаётган ҳамкорликни янада кучайтириш ва келгусида кенгайтиришга истак билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги