Илгари йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талаб қилинар эди.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси таркибига киритилди.
Шунингдек, Президентнинг 2018 йил 3 майдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзчармсаноат” уюшмасининг ташкилий тузилмаси ҳамда унинг бошқарув ходимлари чекланган сони 54 бирликдан иборат ижро этувчи аппарати тузилмаси, бошқарув ходимларининг чекланган сони 4 бирликдан иборат “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳудудий бўлимининг намунавий тузилмаси маъқулланди.
Ушбу ҳужжат билан Уюшма раиси зарурат бўлганда Уюшма аъзолари умумий йиғилиши билан келишилган ҳолда ижро этувчи аппарат ва ҳудудий бўлимлар тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Уюшмани сақлаш ва фаолиятини молиялаштириш унинг таркибига кирадиган ташкилотларнинг ихтиёрий ажратмалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, 2018 йил 1 июндан йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бўйича талаб бекор қилинди.
Манба: ЎзА