Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берилди
2018-05-03 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида амалга оширилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди.110 гектар майдонни эгаллаган ушбу боғда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, кичик стадион, муз саройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, йирик аттракционлар, эртаклар шаҳарчаси, савдо шохобчалари, кутубхона ва интернет кафе, боулинг ва фитнес клублари, ҳунармандлар маркази, амфитеатр, аквапарк ва бошқа объектлар бўлади. Ўзига хос ландшафтга эга бўлган ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гуллар кўчатлари экилиб, ботаника боғи яратилади.
Мазкур кўнгилочар масканда йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатиш мўлжалланган. Уни 2019 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш, 1 минг 500 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Бугунги кунда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари истироҳат боғини сифатли ва хавфсиз барпо этиш бўйича тавсиялар берди. Нафақат вилоят, балки мамлакатимизда қиёси йўқ бўладиган мазкур паркка "Афсона" деб ном беришни таклиф қилди.
Шу ерда Наманган шаҳри Гулистон даҳасида бунёд этилиши мўлжалланган “Namangan City”, Поп туманида қуриладиган замонавий савдо мажмуаси ва "Pop eco park" каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти