Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Урганчда Осиё чемпионати якунланди

2018-05-03 | Спорт

23-30 апрель кунлари Урганч шаҳри оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Мусобақада медаллар билан бирга октябрь ойида ўтказиладиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланмалар эгалари ҳам аниқланди.

Иккикураш якунларига кўра ҳамюртларимиз қайд этган натижаларни эътиборингизга тақдим этамиз.

Ўсмирлар мусобақасида Муҳаммадқодир Тоштемиров (-77кг), Алишер Раджапов (-85кг), Нигора Абдуллаева (-44кг), Кумушхон Файзуллаева (-63кг), Турсуной Жабборова (-75кг) ва Долера Давронова (+75кг) олтин медаль эгасига айланди.

Саидмухтор Саидаҳроров (+94кг),  Зуҳра Отажонова (-48кг), Шаҳлохон Абдуллаева (-58кг) ва Зарнигор Абдураҳмонова (-69кг) кумуш мукофот билан тақдирландилар.

Асадбек Наримонов (-69кг) ва Шодмоной Очиловага (+75кг) бронза медаллари топширилди.

Терма жамоамиз аъзолари ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда алоҳида машқларда 13та олтин, 6та кумуш ва 5та бронза медалини қўлга киритдилар.

Иккикураш ҳисобига кўра 6та олтин, 4та кумуш ва 2та бронза медаллари билан тақдирланган юртдошларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлашди.

Ўсмирлар ўртасида ўғил болалар мусобақасида ҳам, қизлар баҳсида Ўзбекистон термаси биринчи бўлди. Кучли учликка йигитлар ўртасида Ҳиндистон ва Туркманистон атлетлари, қизлар орасида эса Хитой Тайпейи ва Ҳиндистон вакилалари киришди. Умумжамоа ҳисобида, табиийки, ҳамюртларимизга ҳеч ким етолмади.

Ёшлар мусобақасида Зайнобиддин Муҳамадаминов (-85кг), Акбар Жўраев (-105кг), Турсуной Жабборова (-75кг) ва Кумушхон Файзуллаева (-63кг) чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишди.

Адҳамжон Эргашев (-69кг), Умирбай Мавленов (-77кг), Гулноза Аҳмадова (-75кг) ва Долера Давронова (+90кг) қўшкурашда иккинчи натижа билан катта кумуш медалларга сазовор бўлишди.

Бозоргул Рамбергеновага (-69кг) бронза медали топширилди.

Ёшлар ўртасида ўтказилган баҳсларда алоҳида машқларда вакилларимиз 8та олтин, олтитадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. Иккикураш якунига кўра 4та олтин, 4та кумуш ва 1та бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон термаси умумжамоа ҳисобида қитъа чемпионатини биринчи ўринда якунлади. Бироқ қизларимиз ва йигитларимиз алоҳида ҳисоблаганда мос равишда Хитой Тайпейи ва Эрон жамоаларини олдинга ўтказиб юборишди. Кучли учликдан мос равишда Ҳиндистон ва Вьетнам атлетлари ҳам жой олишди.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатигача рейтингдаги ўрни ҳисобига Буэнос-Айресга учта (мумкин бўлган максимал) йўлланмани нақд қилиб қўйганди. Октябрь ойида Аргентинада ўтказиладиган мусобақада уч нафар ўзбекистонлик оғир атлетикачи юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Ўсмирлар олимпий ўйинларига айнан ким боришини эса Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ҳал қилади.

Муҳаммадқодир Тоштемиров, -77кг вазн тоифасида ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони:

- Осиё чемпиони бўлиш менинг орзуим эди. Шукр, якунланган мусобақада ниятимга етдим. Ушбу муваффақиятнинг замирида мураббийларим ва ота-онамнинг меҳнатлари ётибди. Насиб қилса, Аргентинада бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимпиадасида ҳам олтин медаль қўлга киритиб, Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтаман.

Жўрабек Зоиров, мураббий:

- Мусобақа олдидан айнан мана шундай натижани кутгандик. Қолаверса, Муҳаммадқодир чемпионатда ўзининг шахсий рекордини ҳам янгилай олди. Энди ўсмирлар Олимпия ўйинларига тайёргарликни бошлаймиз. Насиб қилса, Буэнос-Айресда муносиб иштирок этамиз.

Мазкур Осиё чемпионатида ўтган йилги лицензион мусобақада йўлланма қўлга кирита олмаган мамлакатлар Олимпия ўйинларига бориш ҳуқуқига эга бўлишди. Ўғил болалардан Туркманистон, Ҳиндис­тон, Саудия Арабистони ҳамда Қирғизистон терма жамоалари, қизлар ўртасида эса Япония, Хитой Тайпейи, Ҳиндистон ва Мўғулистон терма жамоалари Буэнос-Айрес лицензиясини айнан Урганчда қўлга киритдилар.

Барча меҳмонлар Ўзбекистон ҳақида ажойиб таассуротларга эга бўлганларини, Хоразмнинг тарихий обидалари, халқимизнинг меҳмондўстлигини  умрбод қалбда сақлашларини, мусобақа юксак савияда ташкил этилганлигини таъкидлашди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги

Поделиться