Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури”да коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган ишларни тизимли равишда олиб бориш вазифаси белгиланган.
Мазкур Дастур ижроси доирасида 2018 йилнинг 26 апрель куни АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” марказий идорасида “Коррупция – миллий-маънавий хавфсизликка таҳдид” мавзусида ўқув семинар ўтказилди. Тадбирда ҳуқуқшунослар, банк ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзган чиққан Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова, Ўзбекистон Бош прокуратураси Олий ўқув курслари ўқитувчиси Музаффар Дўстқораев мамлакатимизда коррупция қарши курашиш борасида яратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг аҳамияти ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталдилар.
Таъкидландики, коррупция жамиятда носоғлом муҳитни, салбий иллатларни юзага келтиради, ижтимоий адолатга раҳна солиб, фуқароларда давлат органларига ишончсизлик кайфияти кучайишига олиб келади.
Коррупцияга қарши курашиш, айниқса, иқтисодиёт қон томири бўлган банк-молия соҳасида янада муҳимдир. Ҳалоллик, меҳнатсеварлик, халқ билан мулоқот ҳар бир банк ходими кундалик фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим.
Тадбирда АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Манба: Қишлоқ қурилиш банк