Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фармацевтика корхоналари сони кўпаяди
2018-04-30 | Соғлиқни сақлаш
Сўнги икки йил мобайнида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлиги ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Мазкур агентлик зиммасига Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари ижросини ҳаётга татбиқ этиш, маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантириш билан боғлиқ қатор вазифалар топширилди. Айни пайтда фармацевтика саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш, бу йўналишда хориждаги етакчи ишлаб чиқариш компаниялари билан алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
18-26 апрель кунлари Ўзбекистон ишбилармон доиралари делегациясининг Хитой Халқ Республикасига уюштирилган ташрифидан ҳам ана шундай мақсад кўзланган эди. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А. Абдуллаев, "Zomin-Farm" эркин иқтисодий зонаси раҳбари А. Назаров, Тошкент ва Жиззах вилояти ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур ташриф доирасида Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги Хитойнинг фармацевтика соҳасидаги йирик давлат корпорациялари – "China Meheco Corparation", "Xitoy Sinopharm International Corparation", "Avic International Ingeneering Company", "Ziu Zhi Co, Ltd" ва бошқа шу каби нуфузли компаниялар билан музокаралар олиб борди. Мулоқотлар чоғида мамлакатимизда талаб катта бўлган дори воситаларининг субстанцияларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, юртимизда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, вакциналар ва таркибида зардоб сақловчи препаратларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш, маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчиларининг юқори сифатли Хитой маҳсулотларидан фойдалана олиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари «China Sinopharm International Corparation» ва “National Vaccine and Serum Institute” вакцина заводига ташриф буюрди.
Пекин интеграция ривожлантириш хизмати “Shenteihe” МЧЖ билан Ўзбекистон Республикасида қаттиқ дори шакллари: таблеткалар, капсулалар ва кукун шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга кўра, умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланди. Лойиҳа 2018-2020 йилларда “Zomin-Farm” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган.
Маълумот: бугунги кунда мамлакатимизда 150 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармондан тиббиётимиз амалиётида кенг фойдаланиляпти.
Манба: ЎзА