Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқимизнинг бир-бирига муҳаббати чексиз
2018-04-30 | Жамият
Алоҳида айтишни истардимки, халқларимиз тарихи, маданиятимиз, қон томиримиз, аждодларимиз, келажак мақсадларимиз уйқаш, қалбимиз қалбимизга туташ. Мен Туркия фуқароси, айни дамда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган тадбиркор бўлишимга қарамасдан, бу заминни ўз Ватаним, деб ҳеч иккиланмай айта оламан.
Ўтган бир йил ичида туркиялик тадбиркорларга яратиб берилган шарт-шароитлар, виза тизимининг бекор қилиниши турк халқини Ўзбекистонга янада яқин этди.
Мен раҳбарлик қилиб келаётган “IAС group” компанияси 2009 йилда Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган эди. Компания қишлоқ хўжалиги индустриясини ривожлантириш, аграр хўжаликка янги, замонавий технологияларни жорий этган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.
Компания ташкил топганида, албатта, ўзига яраша қийинчиликлар, фаолиятимиз қанчалик самара беради, деган саволлар бўлган. Айниқса, валюта конвертацияси кўп йиллар муаммо бўлиб келаётган бу мамлакатда таваккал қилиш қийин эди. Шундай бир шароитда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар фаолиятига қаратган эътибори сабаб кўплаб маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар олдида турган муаммолар ечилди.
Шуни ишонч билан айта оламанки, бугун Ўзбекистонга нафақат саёҳат истагида, балки тадбиркорлик қилиш, инвестиция киритиш мақсадида келаётган ва иш бошлашни режалаштираётган Туркия фуқаролари сони кескин ортиб бормоқда. Бу эса Ўзбекистон – Туркиянинг савдо, иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлигида янги давр бошланганидан далолатдир.
Албатта, Ўзбекистон мустақиллик йилларида катта тарихий йўлни босиб ўтди. Амалга оширилган ишлар асрларга татигулик. Турк халқи ўзбекистонликларга доим ҳурмат, чексиз муҳаббат билан қараган, ўзининг қардоши деб билиб келган. Демоқчи бўлганим шуки, бугун Ўзбекистон оламшумул даврни бошдан кечиряпти. Бу миллий ўзликни англаш даври, янги ривожланиш, илдам қадамлар ташлаш замонига уланиб кетяпти. Бу давр осон кечмаслиги, ўзига яраша қийинчиликлар бўлиши табиий. Аммо бу ўзгаришларнинг ортида нурли келажак, бахтли ҳаёт борлиги аниқ.
Ишончни оқлаш, берилган имкониятдан тўғри ва унумли, ҳар икки тараф учун ҳам рағбат келтирадиган тарзда фойдаланиш бизнинг бурчимиз.
Манба: ЎзА