Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Икки қардош, дўст халқнинг ўзаро алоқалари мустаҳкамланмоқда

2018-04-29 | Жамият

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади. Бу ташриф ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатларни, қатор соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариши шубҳасиз. 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирининг Туркия телерадиокомпанияси вакиллари билан бўлган суҳбати шу ҳақда бўлди. 

Усмон Гўкмен, Туркия телерадиокомпанияси Тошкент ваколатхонаси раҳбари: 

– Туркия телерадиокомпанияси Тошкент ваколатхонаси қарийб ўн уч йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу йиллар ичида Ўзбекистоннинг иқтисодий, маданий, туризм ва бошқа кўпгина соҳаларига оид янгиликларни, мамлакатингизда ўзказиладиган нуфузли тадбирларни, халқаро конференцияларни, давлат ташрифларини ёритиб, Туркия телевидениесига жўнатяпмиз. Бундан ташқари, юртингизнинг тарихий масканлари, муқаддас қадамжолари, динимиз ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк аждодларингиз, ўзбек халқининг ҳаёти, маданияти, қадрият ва урф-одатлари, тўй маросимлари, ўзбек ошхонасининг миллий ва лаззатли таомлари, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ҳаётига оид қатор хужжатли фильмлар, ипакчилик соҳасини, миллий матолар – атлас ва адраслар ҳақида кўрсатувлар тайёрладик. 

Ўзбек ва турк халқлари муштарак маданиятга эга, дини, тили, келиб чиқиши бир бўлган миллатдир. Шу боис, ўзбек халқининг бой маданий меросини турк ва бутун дунё халқларига яқиндан танитиш мақсадида фаолият олиб боряпмиз. Яқин келажакда Исо Термизий, Сурхондарёдаги буддавийлар ибодатхонаси, Бойсуннинг гўзал табиати, сурхон фольклор санъати ва кўпгина ҳали турк халқига маълум бўлмаган жиҳатларни ёритишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. 

Туркия туризм соҳасида катта тажрибага эга. 1980 йилдан бери мамлакатда туризм соҳасига катта эътибор бериб келинмоқда. Ҳозирги кунда Туркия ушбу соҳада дунёнинг етакчи давлатлар қаторидан жой олган. Ўзбекистон ва Туркия мазкур соҳада ўзаро ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Ўзбекистонга Туркиядан келадиган фуқаролар учун виза ишларининг соддалаштирилгани, ҳар икки давлат фуқаролари учун кўпгина қулайликларни яратди. Ўзбекистондан Туркияга бориб, туризм соҳасида тажриба алмашиш, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятининг яратилгани, Туркиядан Ўзбекистонга Истанбул-Самарқанд авиақатновининг йўлга қўйилгани ҳам қувонарли ҳолат. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга давлат ташрифи чоғида ҳар икки мамлакат раҳбарларининг қатор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги келишувлари бунда муҳим омил бўлмоқда. 

Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистонинг туризм салоҳияти жуда кучли бўлиши баробарида, бу соҳа эътибордан бироз четда эди. Президент Шавкат Мирзиёев бу борада улкан ислоҳотларни амалга оширмоқда. 

Бу айни пайтда Ўзбекистонга валютанинг кириб келишини таъминласа, бошқа жиҳатдан стандартларнинг халқаро талабларга жавоб беришини таъминлайди. Меҳмонхоналар ортади, уларнинг шароити ҳам дунё стандартларига мослашади. 

Туркияликлар Ўзбекистонга нафақат сайёҳ, балки ота юртига келаётгандек ўзгача меҳр билан ташриф буюради. Биз ўзбек миллатини ўз қардошимиз, деб биламиз. Бунинг асосида эса анъана, урф-одат, қадриятларнинг муштараклиги ётади. Ўзбекларнинг оилапарварлиги, ота-онага бўлган ҳурмати, меҳмондўстлик фазилати бизга ўхшаш. Халқингизнинг самимияти ва илиқ муносабати туфайли Туркиядан келган меҳмонлар юртингизда ўзини бегона ҳис қилмайди. 

Ўзбекистоннинг табиати, тарихий бой маданияти биз учун алоҳида ўрин тутади. Имом Бухорий, Мотурудий, Нақшбандий каби буюк инсонлар ўзбек халқи учун қанчалар қадрли бўлса, биз, турклар учун ҳам шунчалар қадрлидир. 

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик ҳар икки давлатга ҳам фойда келтиради. Туркиядан келган қардошлар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари билан яқиндан танишади, туркиялик инвесторларнинг Ўзбекистондаги фаолиятига йўл очилади. Чунки, авваллари мавжуд барча соҳалардаги тўсиқлар бартараф бўлмоқда. 

Иқтисодий ривожланиш фақат давлат раҳбарларининг ўзгариши билан бўлмайди. Бунда халқ ҳам ўзгариши, янгиликларга тайёр бўлиши, тезроқ ҳаракат қилиши керак. Буни авваламбор, ёшлардаги шижоат орқали амалга ошириш мумкин. Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ёшларга кенг имконият яратиш керак. Уларнинг қалбида журъат ва шижоатни кучайтириш зарур. Инсонлар ўз дардларини, муаммоларини айта олсинлар. Шундагина нима хоҳлаётганлигини билиш мумкин бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев бежизга Халқ қабулхоналарини ташкил этмади. 

Мамлакатингизнинг туризм салоҳиятини бутун дунёга танитиш керак. Бу эса журналистларнинг зиммасига катта масъулият юклайди. Мамлакатингиз туризмини тарғиб этувчи кўпроқ кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақолалар тайёрлаш керак. Биз бу борада ҳамкорлик ўрнатишга, тажрибаларимиз билан ўртоқлашишга ҳар доим тайёрмиз. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Давлат раҳбари билан бирга 300 га яқин ишбилармон доира вакилларининг, катта сармоядорларнинг келиши кутилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, иқтисодий ва бошқа соҳаларда муҳим шартномалар имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу соҳаларда хамкорликни янги, янада юксак босқичга кўтаришига ишончим комил. 

Меҳмет Жанпўлат, Туркия телерадиокомпанияси Тошкент ваколатхонаси мухбири: 

– Журналист сифатида дунёнинг кўп давлатларида бўлганман. Лекин ўзбек халқичалик самимий инсонларни учратмадим. Келганимга 4 ой бўлди. Лекин, худди 40 йилдан бери бу ерда истиқомат қилаётгандекман. Шу вақт ичида амин бўлдимки, Туркия Ўзбекистон ва ўзбек халқи билан ҳамкорликка катта истак билдирмоқда. Бу эса, Ўзбекистоннинг геосиёсий жойлашуви, Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани, қўшни давлатлар билан ўзаро яқин муносабати, қолаверса, иқтисодий салоҳиятга эга экани туфайлидир. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга давлат ташрифи икки қардош, дўст халқнинг ўзаро алоқаларини сезиларли даражада мустаҳкамлади. 

Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси агар Европада ёки АҚШда бўлганда эди, 50 миллион сайёҳ зиёратга келган бўларди. Юртингизнинг Самарқанд, Хива, Бухоро, Термиз каби қадим шаҳарлари, ўзига хос маданияти бор. Дунёдаги бошқа шаҳарларга, масалан, Парижнинг Эйфель минорасини кўришга 60 миллион сайёҳ борсаю, Ўзбекистонга 100 миллион сайёҳ келмаса? 

Президент Шавкат Мирзиёев узоқни кўра оладиган, доно сиёсатчи сифатида туризм соҳасидаги камчилик ва муаммоларни кўра олди ва уларни бартараф этиш учун қатор қарор ва фармонларни қабул қилди. 

Ўзбекистон Туркия билан туризм соҳасида ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамламоқда. Туркия билан барча соҳаларда, хусусан, иқтисодиётга инвестиция жалб этиш борасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Инвесторларга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бу каби хабарларни мамнуният билан тайёрлаймиз. 

Ўзбекистонда 500 яқин турк фирмалари фаолият кўрсатмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми эса 1,5 миллиард долларни ташкил этмоқда. Яқин келажакда бу рақамни 5 миллиард долларга етказиш мумкин. Чунки, Ўзбекистон ер ости ва ер усти бойликларига, юксак иқтисодий салоҳият ва қудратга эга давлат. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси бу борада ўзининг ижобий натижаларини беришига ишонаман. 

 

 

Байрам Айтмуродов суҳбатлашди, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться