Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япония делегацияси кўҳна Кешда
2018-04-27 | Туризм
Ўзбекистон дунё туризмида катта салоҳиятга эга мамлакат. Кўп асрлик тарихий, дунё сивилизацияларни ўзида мужассамлаштирган, ЮНEСКО тасарруфидаги нодир архитектура ёдгорликларига эга кўҳна шаҳарлари, Буюк Ипак Йўли чорраҳасида –қулай ҳудудда жойлашганлиги, эко ва этник ранг-баранглик хорижий сайёҳларни юртимизга бўлган қизиқишини ортишига туртки бўляпти.
Бу борада амалга оширилиши керак бўлган асосий масала ана шу мавжуд имкониятларни жаҳон ҳамжамиятига етарлича кўрсатиб, жаҳон стандартларига мос шарт-шароит ва ресурсларни яратиш баробарида дунё оммавий ахборот воситаларини доимий хабардор қилиб боришдир.
Шу мақсадни кўзда тутган ҳолда 25 апрель куни Япониянинг бир қатор етакчи ОАВ ходимлари ва сайёҳлик агентликлари вакилларидан иборат 8 кишилик гуруҳ Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюрди.
МеҳмонларҚашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Б. Шагазатов, вилоят туризмни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бошқарма бошлиғи О.И.Олимжонов, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими ўринбосари А.Э.Қобилов ва маҳаллий ОАВ вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.
Делегация аъзолари муҳташам Оқ сарой, Дор-ут Тиловат, Дор-ус Саловат комлексларининг тарихий қиймати ва дунё архитектурасида тутган ўрни билан яқиндан танишдилар.
“Ўзбекистонга илк маротаба келишим, дейди, - ‘’Hokkaido Broadcasting CO.Ltd” телекомпанияси мухбири Вакана Дои – Тошкент ва Самарқанд шаҳридан кейинги учинчи манзилимиз Шаҳрисабз шаҳрини иқлимини она шаҳрим Ҳокайдога жудаям жудаям ўхшатдим! Юртингиз бизда илиқ таассуротлар уйғотмоқда”.
Кун тартиби 250 йиллик тарихий “Эшонипир” миллий меҳмон-уйида ташкил этилган ўзбекона руҳдаги кўнгилочар дастур билан якунига етди. Дастурда миллий шоҳона таомимиз паловнинг "шаҳрисабзча” услубида тайёрлаш мастер класси меҳмонларда ўзгача қизиқиш уйғотиб, бажонудил бу жараёнда бевосита иштирок ҳам этишди. Миллий фольклор дастасининг "Ёр-ёр”, "Келин салом" каби этнографик чиқишлари, қадимий ва классик куй-қўшиқлар сайёҳларга барҳаёт анъана ва урф-одатларимиз, меҳмондўстлик, бағрикенглик, самимийлик каби бой маънавий меросимизни ҳис қилишларига ўзига хос ҳисса қўшди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги