Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ манфаатларига йўналтирилган ислоҳотлар
2018-04-26 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан "Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси" мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қ.Рафиқов, "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев ва бошқалар мамлакатимизда одамлар манфаатларини таъминлаш, халқимиз ҳаётини янада фаровон этиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юртдошларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил жорий этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида давлат қурилишини ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш билан бирга ижтимоий соҳани изчил равнақ топтиришга устувор масала сифатида ёндашилмоқда. Айни жиҳатлар миллий қонунчилигимизнинг муттасил такомиллашиб бораётганида, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини кучли ижтимоий муҳофазалаш, кўрсатилаётган кўмакнинг аниқ, манзилли, шаффоф, самарали бўлишини таъминлашга доир ишларда яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳар бир фуқаронинг таклиф ва мурожаатини ўрганиш билан боғлиқ амалий ишлар долзарб масалаларга ўз вақтида ечим топиш имконини беряпти.
Халқаро Меҳнат бюросининг бош директори Гай Рейдернинг анжуман иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида қайд этилганидек, Ўзбекистонда кечаётган шиддатли ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам қизиқиш уйғотаётир. Бу жиҳатлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам яққол ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан узвий ҳамкорлик ўрнатган ва бу борада етакчи позицияга эга бўлган мамлакат саналади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (ACTRAV) директори Мария Ҳелена Андренинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар аҳолини кучли, аниқ ва манзилли ижтимоий ҳимоялаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, ислоҳотларга давлат идоралари билан бирга жамоат тузилмаларини ҳам жалб этишда намоён бўлмоқда.
Бу жиҳатлар Касаба уюшмалари федерацияси фаолиятида ҳам кўзга ташланмоқда. Юртимиздаги етакчи жамоат тузилмаси саналган мазкур ташкилот наинки меҳнаткашлар учун муносиб иш шароитларини яратиш, балки ходимлар билан бирга уларнинг оила аъзолари манфаатларини ҳимоялаш, саломатлигини асраш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу йўналишдаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга киритилган, мазкур ҳужжат асосида 100 дан ортиқ тармоқ, 14 та ҳудудий келишув ва бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда 171 мингдан ортиқ жамоа шартномаларида ўз аксини топган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб катта бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш ишларида ҳамкорлик қилмоқда. Касаба уюшмалари федерациясининг дастурий ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоялашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, нуронийлар, тиббий кўмакка муҳтож одамлар, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш, бандликнинг ноанъанавий шаклларидаги машғул кишилар ва уларнинг оила аъзосини ижтимоий ҳимоялашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА