“Манас”даги 26 кўчада мингдан ортиқ хонадон жойлашган. Аҳолининг яшаш тарзини кузатиш, ҳуқуқий ва тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена ҳолатларига риоя қилиш, атроф-муҳитга ва табиий ресурсларга оқилона муносабатда бўлиш, муомала ва кийиниш одоби хусусида суҳбатлашиш учун давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари хонадонларда бўлишди. Бу тадбирларни Адлия вазирлиги мувофиқлаштирмоқда.
Шунингдек, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказилишини таъминлаш мақсадида “Манас” қишлоғи Маданият саройида ўзбек миллий рақс ансамбллари, этнографик фольклор гуруҳлари ва санъаткорларнинг чиқишлари, болалар учун қўғирчоқ театри, аҳоли учун “Меросхўр” бадиий фильмининг премьераси намойиш этилди.
Премьера олдидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 апрелда қабул қилинган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳияти, пенсия тайинлаш тартиблари, томорқадан унумли фойдаланиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш борасидаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси “Манас” қишлоғининг иккита умумий ўрта таълим мактабини 9-10-синф ўқувчиларига эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини тушунтирди. 10 дан ортиқ турдаги уч мингдан зиёд буклет, флаер ва бошқа турли ёзма тарғибот материаллари тарқатилди. 6-11 синф ўқувчилари ўртасида эса мини футбол, волейбол, стол тенниси ва шахмат бўйича мусобақалар ўтказилди.
Ана шу тадбирлар доирасида “Обод қишлоқ одамларининг қалби ҳам обод, маданияти ҳам юксак бўлади” шиори остида “Халқ сайли” ўтказилди.
Сайлда аҳолининг спортга қизиқишини янада ошириш мақсадида қишлоқ ҳудуди бўйлаб ёшлар ва кексалар ўртасида югуриш марафони ўтказилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбарларининг сайёр қабуллари, тарғибот ва ташвиқот кўргазмалари ўтказилди.
“Обод хонадон”, “Ибратли қайнона ва келин” “Энг зиёли оила” номинациялари ва мактаб ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон” кўрик- танлови ўтказилди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Бу каби тадбирлар “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилади.
Манба: ЎзА