Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат хариди нима?
2018-04-24 | Жамият
2018 йил 10 апрелдан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.
Давлат хариди нима эканини тушуниб олиш учун қонунда акс этган асосий тушунчаларга эътибор қаратамиз.
Қонунга кўра, давлат хариди товарларни (ишларни, хизматларни) давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олишдир. Давлат буюртмачиси эса давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахсдир.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган мазкур янги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган семинарда шу ҳақда сўз борди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда матбуот ходимлари ва нашриётлар раҳбарлари, экспертлар иштирок этди.
– Қонунда давлат харидлари тизимининг ҳуқуқий жиҳатлари, асосий принциплари очиб берилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев. – Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланган.
Давлат харидлари тартиб-таомилларини амалга ошириш, режалаштириш, давлат харидлари бўйича мониторинг ва шартноманинг тузилиши каби жиҳатлар қамраб олинган.
Электрон дўкон орқали харид қилиш, электрон дўконнинг иш тартиби ва ундан фойдаланишга оид масалалар батафсил ёритилган. Давлат харидлари бўйича танлов ва тендерларни ўтказиш мезонлари аниқ белгилаб қўйилди.
Эндиликда харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик принципларини рўёбга чиқариш воситасида амалга оширилади.
Шу ўринда “Электрон дўкон” тушунчасига аниқлик киритсак. Бу махсус талаблар татбиқ этилмайдиган истеъмол товарларининг ва бошқа товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларини амалга ошириш учун мўлжалланган махсус ахборот порталидаги махсус майдончадир.
Электрон дўкон иштирокчиларнинг таклифларидан шакллантирилади. Иштирокчининг электрон дўконга қўйилган таклифи давлат буюртмачиларига юборилган оммавий офертадир.
Қонун давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширади. Бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағларидан, ҳукумат кафолати остида олинган кредит ресурсларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланишга йўл очади. Коррупция ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлаш, энг аввало, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва халқ фаровонлигини юксалтириш борасида кўзда тутилган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА