Президент жорий йил 18 апрелда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига тегишли тартибда қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Мазкур ҳужжат билан жиноий суд ишларини юритиш такомиллашди. Судлар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенгроқ қўллашга имконият яратилди. Айниқса, суд мажлисида видеоконференцалоқа тизими жорий қилингани судлар фаолиятида одил судловга эришишни кафолатлаш билан бирга, судлар шаффофлигини таъминлайди. Суд ишлари кўрилишининг тезкорлигини оширади. Шу билан бирга, мазкур тизим судлар фаолиятига тааллуқли ташкилий масалалар билан боғлиқ маълумотларни тезкорлик билан етказилишига, йиғилиш, семинар ва конференцияларни масофавий тарзда ўтказилишига хизмат қилади.
Ушбу тартибнинг яна бир афзаллиги шундаки, бошқа ҳудудда яшаётган жиноят процесси иштирокчиларининг моддий маблағ ҳамда вақт сарф қилинишининг олди олинади.
Қонунда барча судларда жиноят ишларини ошкора кўришга алоҳида эътибор қаратилгани инсон манфаатлари муҳофазасига оид яна бир афзаллик дейиш мумкин. Хусусан, судларда жиноят ишларини ошкора кўриш суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра аудио ёки видеоёзувдан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек, фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек, улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.
Судлар зарур ҳолларда оммавий ахборот воситалари ходимларини, тегишли жамоат бирлашмаларини ва жамоаларни бўлажак процесслар тўғрисида хабардор қилиши, шунингдек, процессларни бевосита корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим муассасаларида ўтказиши мумкин. Бу, ўз навбатида, судлов фаолиятида ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.
Эндиликда суднинг қонуний кучга кирган қарорлари (ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорлари бундан мустасно) жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Фарҳод Эсонов, ЎзА
Манба: ЎзА