Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек – туркман манзумаси
2018-04-24 | Жамият
Туркман ахалтеке отлари, туркман гиламлари ва дўппиларини кўпчилик билади. Пойтахтимизда бунёд этилган “Ашхобод сайлгоҳи”да кираверишда туркман миллатининг мардлик ва жасорат тимсоли бўлган ахалтеке отлари акс этган яхлит композиция эътиборни тортмай қолмайди. Бу ерга келган ҳар бир юртдошим унинг ҳақиқий дўстлик боғи эканлигини англаб етади...
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 6-7 март, 19-20 май кунлари Туркманистонда бўлди. Мазкур ташриф давомида Амударёда қурилган Туркманобод — Фароб автомобиль ва темир йўл кўприклари, ушбу шаҳарда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номидаги марказий кўча ва ёдгорлик мажмуаси очилгани халқларимиз дўстлигига ёрқин мисолдир...
Пойтахтимизнинг энг кўркам ва гўзал кўчаларидан бири машҳур туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номи билан аталади. 2017 йил 18 майда Тошкентда Махтумқули меъморий ёдгорлиги ўрнатилди. Ушбу меъморий ёдгорлик очилишига бағишлаб ўтказилган маросимда мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари, турли миллий маданият марказлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, санъаткорлар, талабалар иштирок этган эди. Ушбу тадбирда бевосита мен ҳам қатнашиб, ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, аҳиллик, қалб ва маданият яқинлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлаётганидан беҳад қувонган эдим. Ушбу хушхабар Туркманистонда катта шодлик билан кутиб олинганини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ҳамда телефон орқали суҳбатларда эшитиб, қувончим минг чандон ошган эди...
Махтумқулининг бир қатор асарлари, айниқса, “Элингга бахш айла” китобининг ўзбек тилида чоп этилгани, ўзбек мактабларида шоир ижоди кенг ўрганилаётгани халқларимиз ўртасидаги маданий алоқалар изчил ривожлананиб бораётганининг амалий ифодасидир...
Бу кичик солномани давом эттирсам, адоғи бўлмайди. Ниятим ҳам шу: аҳил қўшничилик муносабатларимиз, қардошлигимиз абадий бўлсин!
Гулдане Авездурдыева,
Манба: ЎзА