Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркманистон миллий кўргазмаси – икки давлат ҳамкорлигининг янги истиқболлари
2018-04-24 | Иқтисодиёт
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Тошкентда Туркманистон миллий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда қўшни давлатнинг етакчи корхоналари, компания ва ташкилотлари, йирик тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, миллий маҳсулотлар, иқтисодиёт соҳасидаги илғор технологиялар, хизматларни намойиш этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон миллий кўргазмаси иштирокчилари ва меҳмонларига қутлов йўллади.
Кўргазманинг очилиш маросимида Президент қутловини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.Отажонов ўқиб эшиттирди.
Қутловда Ўзбекистон ва Туркманистон – стратегик шериклар экани, халқларимизни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, умумий тарих, дин ва тил, маданият, урф-одат ва анъаналар муштараклиги боғлаб келаётгани, бугунги кунда мамлакатларимиз бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги изчил ишбилармонлик алоқалари ҳамда ҳудудлараро мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик доирасида кенг истиқболлар очилаётгани таъкидланган.
Туркманистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазири Д.Ўрозмуродов туркманистонлик ишбилармонлар учун Ўзбекистон муҳим савдо-иқтисодий ҳудуд экани, Буюк ипак йўлининг савдо-сотиқ ривожланган манзилида жойлашган мамлакатларимиз тадбиркорлари ҳамкорлигининг мустаҳкамланиб бораётгани эса тенг манфаатли ривожланишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлик муносабатлари янги босқичда мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми сезиларли ошди. Турли иқтисодий тармоқларда кооперация алоқалари юксалди. Бундан бир ой олдин Ашхободда Туркманистон Президентининг бевосита қўллаб-қувватлаши билан ўтказилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси ва унда эришилган кўп қиррали келишув битимлари фикримиз далилидир.
Туркманистон миллий кўргазмасида нефть ва кимё, тўқимачилик, тиббиёт саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш моллари, транспорт ва логистика, спорт ва туризм, илмий-техника, таълим соҳасидаги ютуқлар, хизматлар намойиш этилмоқда. Туркман гиламлари, касаначилик, балиқчилик саноати, дунёга машҳур ахалтекин отлари наслчилиги тадқиқотлари катта қизиқиш уйғотмоқда.
Туркманистонда балиқчилик саноати ривожланишининг асосий манбаи Каспий денгизи ҳисобланади. Бугун мамлакат сув ҳавзаларида балиқнинг 50 дан ортиқ турини учратиш мумкин.
– Туркманистонда балиқ ва денгиз маҳсулотларини қайта ишлаш саноати яхши ривожланган. Тадбиркорларимиз балиқ ва балиқ маҳсулотларини қўшни республикаларга экспорт қилади, – дейди Туркманистон Балиқ саноати давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Гайир Гайипов. – Кўргазмада хусусий тадбиркорларимиз ҳам иштирок этмоқда. Улар Ўзбекистон бозорини ўрганиб, ҳамкорлик қилиш истагида келишган. Хусусан, ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг балиқчилик соҳасида зарур хомашё маҳсулотлари, қадоқлаш мосламалари, янги технологиялар ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганишни режалаштирганмиз.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов таклифи билан 2018 йил мамлакатда "Туркманистон – Буюк ипак йўлининг юраги" деган шиор билан ўтмоқда. Бунда мамлакатда туризмни ривожлантиришга ҳам асосий эътибор қаратилмоқда. Кўргазмада Туркманистон Туризм давлат қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда.
Улуғбек Асроров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА