Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Улкан маънавий обида, маданият дурдонаси бўлган қадимий қўлёзмалар китоб ҳолида чоп этилади
2018-04-23 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққани ва уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки эканини айтиб ўтган эдилар.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланаётгани ва бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмагани, улар олимлар ҳамда ўз ўқувчиларини кутиб тургани, ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб масалаларга жавоб топиш мумкинлиги айтилган. Хусусан, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, барча одамларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган теран ма’нольи фикр ва ғоялар бугун ҳам ўз қиммати ҳамда аҳамиятини йўқотмаганлигини ҳам таъкидлаб ўтган эдилар.
Юртбошимиз томонидан қўйилган мана шу вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Маросим доирасида томонлар Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПҚ-2995-сон ҳамда «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сон қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари бўйича келишиб олинди.
Маросимда буюк аллома ва мутафаккирларимиз асарларини дунё мамлакатлари бўйлаб кенг тарғиб этиш, уларни ҳар томонлама ўқиш-ўрганиш, халқимиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёшларга, жаҳон ҳамжамиятига етказиш ва замонавий илм-фан, маънавият ривожида ундан самарали фойдаланиш ҳамда улкан маънавий обида, маданият дурдонаси бўлган араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган қадимий қўлёзмалар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларни китоб ҳолида чоп этишни кенг ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Заминимизда етишиб чиққан аллома ва мутафаккирлар илм-фаннинг аниқ, табиий, гуманитар соҳалари ва ислом илмлари бўйича яратган асарларини кенг оммага тақдим этиш чоралари белгиланди.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар, семинар-тренинг, давра суҳбатлари, халқаро грант лойиҳалари ва бошқа тадбирларни мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги