Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дўстлик миллат танламайди
2018-04-23 | Жамият
Сурхондарё вилояти туркман миллий маданий маркази воҳада истиқомат қилаётган бошқа миллат вакиллари билан ўзаро дўстлик ва биродорлик ришталарини мустаҳкамлашда ўзига хос робита вазифасини ўтамоқда.
– Вилоятда барча миллат вакиллари билан аҳил, иноқ яшаб келмоқдамиз, – дейди вилоят туркман миллий маданий маркази раҳбари Қ.Аҳмедов. – Ўзбеклар билан қадимдан қуда-анда бўлиб кетганмиз. Вилоятда истиқомат қилаётган ўттиз мингга яқин туркман халқининг бошқа миллат ва элат вакиллари сингари муносиб турмуш кечириши, миллий қадриятларини асраб-авайлаши ва ривожлантириши, фарзандларимизнинг таълим олиши, истеъдод ҳамда салоҳиятини кенг намоён этиши учун тенг шароит яратилган. Бундай имкониятлардан фойдаланётган халқимиз турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Кўп миллатли Ўзбекистонда тинчлик, осудаликни сақлаш ва юрт фаровонлигини таъминлашда фаол иштирок этаётир.
Воҳада ташкил этилаётган дўстлик фестиваллари, кўрик-танлов ва бошқа маданий тадбирларда туркман миллий маданий марказининг миллий либос ва жиҳозлари кўргазмалари, жозибадор куй-қўшиқлари, тансиқ таомлари барчада катта қизиқиш ўйғотаётгани эътиборга моликдир.
Айни пайтда вилоятда туркман миллатига мансуб тадбиркорлар, фермерлар ҳудудни иқтисодий ривожлантиришга муносиб улуш қўшаётган бўлса, қўли гул хотин-қизларнинг нафақат қадимий туркман миллий гиламларини тўқиш балки, бу ҳунар сирларини бошқа миллат вакилларига қунт билан ўргатаётгани ҳам аҳамиятлидир. Таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган мутахассисларнинг соҳани юксалтиришда алоҳида ўрни бор. Қардош туркман халқи яратилган бундай имкониятлардан ҳақли равишда фахрланади.
– Ўзбек ва туркман халқи икки тилда сўзлашувчи бир миллат, – дейди Термиз давлат университети доценти Қ.Алланов. – Динимиз бир, урф-одатларимиз бир-бирига жуда ўхшаш. Кўп йиллардан буён Термиз давлат университетида ўзбек, тожик, туркман ва бошқа миллат фарзандларига таълим-тарбия бериб келмоқдаман. Бунинг учун олий таълим муассасамизда барча қулайлик яратилган. Биз, барча миллат вакиллари билан обод ва тўкин турмуш кечириб, шу юртда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини туйиб яшаётганимиздан ғурурланамиз. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш, инсон манфаатларини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА