Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ягона солиқ тўлови тўловчилар томонидан ер солиғини тўлаш тартиби белгиланди
2018-04-20 | Жамият
Ягона солиқ тўлови тўловчиларининг ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга мувофиқ 2018 йил йил 1 апрелдан бошлаб умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ер майдонига эга бўлган ягона солиқ тўлови тўловчилари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлайди.
Тасдиқланган низом қуйидагиларга тадбиқ этилади:
ер участкасининг бир қисмида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва ягона солиқ тўлови тўловчи нотижорат ташкилотлар, агар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ер участкаси бир гектардан ортиқ бўлса;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият билан шуғулланувчи ягона ер солиғи тўловчилар ва ягона солиқ тўлови тўловчилар, агарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолиятига тўғри келадиган ер майдони 1 гектардан ортиқ бўлса.
Бунда, ер участкаларининг умумий майдони деганда, ер участкасининг солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган ер участкалари майдонлари чегириб ташланган ҳолдаги умумий майдони тушунилади.
2018 йил 1 апрелдан бошлаб ер участкасининг умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ягона солиқ тўлови тўловчиларига:
ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2203, 2011 йил 3 март);
ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2449, 2013 йил 4 апрель) татбиқ этилмайди.
Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги қарори билан ҳар йили тасдиқланади.
Ер солиғи ҳар бир солиқ даврининг 1-январь ҳолатига ҳисоблаб чиқарилади.
2018 йилнинг 1 январь ҳолатига ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг ҳисоб-китоби ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органига жорий солиқ даврининг 10 майига қадар тақдим этилади.
Солиқ солинадиган база (солиқнинг ҳисобланган миқдори) солиқ даврида ўзгарса, давлат солиқ хизмати органига бир ой муддатда аниқлаштирилган ер солиғини ҳисоб-китобини тақдим қилади.
Солиқ даври мобайнида солиққа тортиладиган база 1 гектардан ошиб кетса, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ер майдонига тегишли ҳуқуқ пайдо бўлган ойнинг кейинги ойидан бошлаб ҳисобланади.
Солиқ даври мобайнида солиққа тортиладиган база 1 гектардан камайса, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ер майдонига тегишли ҳуқуқ пайдо бўлган ойдан эътиборан тўхтатилади.
Ер участкасининг умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ягона солиқ тўлови тўловчилар томонидан ер солиғи тўлови ҳар ойнинг 10 кунига қадар ер солиғи йиллик суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида амалга оширилади.
2018 йилда ер солиғи тўлови апрел ойидан бошлаб амалга оширилади, бунда апрел ойи учун тўлов жорий йилнинг 10-майига қадар амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси