Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳуқуқбузарликни олдини олишга бағишланди
2018-04-20 | Жамият
2017-2021- йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан бири жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олишдир.
Мазкур фаолиятни мувофиқлаштиришнинг самарали тизимини яратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий механизмларни жорий этиш, шунингдек, жиноятчиликни келиб чиқиш омиллари ва унинг сабабларини аниқлаш мақсадида 2017 йилнинг 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2833 – сонли қарори қабул қилинган.
Жорий йилнинг 19 апрель куни Фавқулодда вазиятлар вазирлигида «Ҳуқуқбузарликни олдини олиш профилактикаси куни» доирасида Тошкент ҳарбий суди раиси Одилбек Илҳомжонов билан учрашув ўтказилди. Унда вазирлик марказий аппарати ва таркибий тузилмалари ходимлари иштирок этдилар. Учрашув давомида О.Илҳомжонов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тузилмаларида содир бўлган жиноятчиликлар ва уларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар борасида нутқ сўзлади. У ўз нутқида кўп учраётган жиноятлар ва уларнинг сабаблари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Ўзбекистон Қуролли Кучларида жиноятчиликни бартараф этиш борасида кўплаб янги ва керакли маълумотларга, шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир ҳарбий хизматчи олдига мазкур соҳа бўйича қўйилган вазифалар тўғрисидаги ахборотларга эга бўлдилар.
Учрашув якунида маърузачи вазирлик ходимларини қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги