Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
2018-04-19 | Сиёсат
Ҳурматли дўстлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, сизларни Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши якунлангани ва унинг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилаётган бугунги тантанали маросимда қутлаб, ушбу муҳим воқеа билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз.
Биринчи навбатда Россия Федерацияси Президенти ҳурматли Владимир Владимирович Путинга Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларига доимо аҳамият бериб, катта эътибор қаратиб келаётгани учун миннатдорлик билдираман.
Ана шундай муҳим қўллаб-қувватлаш туфайли бундай кенг кўламли лойиҳа атиги икки йилда амалга оширилди.
Қандим мажмуасининг ишга туширилиши, ҳеч шубҳасиз, халқларимиз фаровонлигига ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашни истардим.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, Россия Федерацияси Ҳукумати ва Россия Федерацияси энергетика вазири жаноб Александр Валентинович Новак, “Лукойл” компанияси бошқаруви раиси жаноб Вагит Юсуфович Алекперов, “Хундай Инжиниринг” компанияси президенти жаноб Сонг Санг Рок, Россия Федерацияси ва Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиларига ва бошқа ҳамкорларимиз, мамлакатимиз ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига биз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу тадбирда иштирок этаётгани учун ўзимнинг ташаккуримни изҳор этаман.
Қадрли меҳмонлар!
Биз Ўзбекистонда қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг самарали ва кенг миқёсда амалга оширилаётгани саноатнинг етакчи тармоқларини жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизга тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари оқими кўпаймоқда, хорижий шериклар билан барча тармоқлар, жумладан, ёқилғи-энергетика мажмуаси бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз кенгаймоқда.
Ўзбекистонда инновацион иқтисодиётни шакллантириш борасида сифат жиҳатидан янги босқичда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар доирасида биз нефть-газ саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Бугунги кунда тармоқда амалдаги активлар самарадорлигини ошириш, юқори технологияларга асосланган қудратли ишлаб чиқариш базасини яратиш, углеводород хомашёсини қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш, уни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга бўлган янги турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг экспортини ташкил этишга қаратилган сиёсат изчил амалга оширилмоқда.
Катта ҳажмдаги инвестиция портфели ва бой хомашё базаси бизга, энг илғор билимлар ва ғоят самарали технологияларни жорий этишга алоҳида аҳамият қаратган ҳолда, соҳани комплекс ривожлантиришга ўтиш имконини берди.
Ҳурматли дўстлар!
Биз Ўзбекистонда ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш, икки томон учун ҳам фойдали ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида шаклланган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини юксак баҳолаймиз ва қадрлаймиз.
Бизнинг олий даражадаги учрашувларимиз натижасида эришилган келишувлар мамлакатларимизнинг кўпқиррали амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун ғоят кенг имкониятлар яратди ва уни янги босқичга кўтарди.
Россия бизнинг савдо ва инвестиция соҳасидаги энг йирик анъанавий ҳамкоримиздир. Ҳозирги кунда ўзаро савдо ҳажми муттасил ортиб бормоқда, биргаликда устувор аҳамиятга молик инвестициявий дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Россиянинг етакчи энергетика компаниялари ва банклари билан шерикликда ҳамкорлигимизнинг локомотивига айланган нефть-газ соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз.
Табиий газ ва нефть етказиб бериш бўйича келишувлар муваффақиятли бажарилмоқда, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ўзаро самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бизнинг вақт ва ҳаёт синовидан ўтган асосий, стратегик ҳамкоримиз – энергетика соҳасида дунёда етакчи ўрин тутадиган “Лукойл” компаниясидир.
Биз кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Қандим гуруҳига кирадиган конлар, Ҳавузак ва Шоди, Жануби-ғарбий Ҳисор конларини қазиш ва ўзлаштириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширганимиз бунинг ёрқин мисолидир.
Ўтган ойда Ўзбекистонда “Лукойл” компаниясининг биринчи ёқилғи қуйиш шохобчаси ишга туширилди.
Бу бизнинг шериклигимиз самарасининг яққол мисоли бўлиб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг муваффақиятли ривожланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидламоқчиман.
Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз авваламбор мамлакатимизнинг табиий бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, юқори технологияларга асосланган ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бундан роппа-роса икки йил аввал, 19 апрель куни биз сиз билан ушбу объект тамал тошини қўйишга бағишланган маросимда иштирок этиб, мазкур лойиҳа қурилиши бошланишига старт берган эдик.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва мутахассисларнинг юксак маҳорати туфайли Марказий Осиёдаги энг йирик иншоотлардан бири бўлган мазкур мажмуа қисқа муддатда қуриб битказилди.
Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 3 миллиард доллардан ошганини алоҳида қайд этмоқчиман.
Қурилиш “Хундай Инжиниринг”, “Поско” ва “Джи-Эс”, “Энтер Инжиниринг” каби дунёга машҳур компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бунда “БАСФ”, “Якобс”, “Ханивелл” ва бошқа кўплаб хорижий етакчи компанияларнинг илғор технологиялари, илмий ишланмалари татбиқ этилди. Мазкур қурилишга юқори малакали хорижий мутахассислар ҳам жалб қилинди.
Сизларнинг барчангизга ушбу кенг кўламли лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга қўшган ҳиссангиз учун самимий миннатдорлик билдирмоқчиман.
Бу лойиҳанинг аҳамияти бебаҳо эканини таъкидлаш ўринлидир.
Мажмуанинг фойдаланишга топширилиши йилига 8 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш, тозаланган товарбоп газ ҳамда 130 минг тоннадан зиёд барқарор газ конденсатини олиш имконини беради.
Энг муҳими, 2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари, замонавий ижтимоий инфратузилма тармоқлари яратилди.
Бу борада мажмуа қурилишида иштирок этган минглаб ёш мутахассислар илғор технологик ечимлар ва юқори халқаро сифат стандартлари асосида энг йирик ишлаб чиқариш объектларини жадал қуриш бўйича замонавий усулларни ўзлаштиргани, бу ерда орттирган кўникма ва тажрибасини келгусида мамлакатимизда янги лойиҳаларни амалга оширишда қўллаш имконига эга бўлгани муҳим аҳамият касб этади.
Ҳурматли меҳмонлар ва маросим қатнашчилари!
Фурсатдан фойдаланиб, бизнинг дўстларимиз ва ҳамкорларимизга, кўп сонли мутахассислар, муҳандис ва қурувчиларга, ўзининг фидокорона меҳнати ва касб маҳорати билан ушбу замонавий саноат мажмуасини барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга яна бир бор ўзимнинг самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.
Ҳеч шубҳасиз, бугун ишга туширилаётган, ўзининг кўлами ва технологиялари бўйича ноёб бўлган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бизнинг тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлигимиз ва шериклигимизнинг яна бир тимсолига айланади, мамлакатимизнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Манба: ЎзА