Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Биз коррупцияга қаршимиз
2018-04-19 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси транспорт прокуратураси томонидан Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексида “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Мамлакатда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Тадбирда коррупцияга қарши курашиш борасидаги миллий ва халқаро қонунчилик ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан амалга оширилаётган ишлар, коррупцияга қарши курашиш юзасидан мавжуд ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Давра суҳбатида божхона органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Божхона органлари ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланган. Божхона органлари ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги белгилаб берилган.
Бу борада “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг ўзида ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Шахсий таркиб ўртасида коррупция ва таъмагирликка қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилнинг 1 чораги давомида шахсий таркиб ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тарбиявий-профилактика фаолиятини ташкил этиш ва ўтказишга қаратилган турли тадбирлар, ходимларнинг ҳушёрлигини ошириш ва бу борада профилактик тадбирларни жонлантириш мақсадида хуфиёна ва ошкора текширувлар ўтказилган.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Гўзал Сатторова, ЎзА
Манба: ЎзА