Тошкент давлат юридик университетида юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Е.Каньязов соҳадаги ечимини кутаётган муаммолар ҳақида гапирар экан, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатишга оид фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишлари самарали йўлга қўйилмагани, бепул юридик ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга эҳтиёж мавжудлигини қайд этди.
Шунингдек, қонун ҳужжатларида бу соҳада фаолият юритаётган адвокатлик тузилмалари ва юридик консальтинглар ҳуқуқий мақомининг ўзига хос хусусиятларига оид нормалар назарда тутилмагани, хорижий адвокатлик тузилмаларига ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга адвокатлик фаолияти билан шуғулланишнинг ҳуқуқий кафолатларини яратиш, юридик хизмат кўрсатишнинг соҳавий ихтисослашуви лозимлиги таъкидланди.
Илмий-амалий анжуманда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, янги докторлик диссертациялари мавзуларини шакллантиришга замин яратилди, бажарилаётган илмий тадқиқот ишларини мақсадли ва самарали олиб бориш юзасидан аниқ ва истиқболли тавсиялар берилди.
И.Аҳатова, ЎзА
Манба: ЎзА