Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2018-04-18 | Сиёсат
2018 йилнинг 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Кан Гён Ҳва билан учрашди.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томон кун тартибидаги долзарб масалалар, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Авваламбор, 2017 йилнинг 22-25 ноябрь кунлари Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарларининг самарали саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, стратегик шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш бўйича давлат раҳбарларининг қабул қилган Қўшма баёноти, ташриф чоғида имзоланган 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги икки томонлама қатор ҳужжатлар Ўзбекистон-Жанубий Корея мулоқотини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқди.
Вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини яна бир бор таъкидлаб, ушбу соҳалардаги аниқ қадамларни кўриб чиқдилар.
Корея Республикаси ташқи ишлар вазири ўз мамлакатининг Корея ярим оролидаги вазиятни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумот берди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони жорий йилнинг апрель ойидаги кореялараро саммит ўтказилишини маъқуллади ва Корея ярим оролида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик ўрнатиш учун Корея Республикаси саъй-ҳаракатларини қатъиян қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Саммитнинг ижобий натижалари Корея ярим оролининг Жануби ва Шимоли ҳамда бутун минтақанинг янада ривожланиши ва фаровонлиги учун қулай шарт-шароит яратишига ишонч билдирилди.
Музокараларда Корея Республикаси Элчиси Квон Ён У иштирок этди.
Анвар Илёсов олган сурат
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги