Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи биз, сирдарёликлар қалбида бугунги кунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади. Мамлакатимизда изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар самараси жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, халқ билан юзма-юз мулоқотлар давомида янада ёрқин намоён бўлмоқда.
Ташриф давомида Президентимиз Мирзаобод туманидаги “Bek Сluster” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасига қарашли замонавий иссиқхонага ташриф буюргани бизни ғоят тўлқинлантириб юборди. Давлатимиз раҳбари ишчиларимиз билан мулоқотда бўлиб, уларнинг меҳнат ва турмуш шароити ҳамда жамоанинг фаолияти билан қизиқди.
Тадбиркорликни 14 йил муқаддам, автотранспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар дўкони очишдан бошлаганмиз. Ўтган даврда бир нечта корхона, фермер хўжаликлари ташкил этдик. Бугунги кунда анча-мунча техникамиз, ишлаб чиқариш корхоналаримиз каттагина бирлашмага айланди.
Президентимизнинг 2017 йил 17 май куни вилоятимизга ташрифи чоғида “Bek Сluster” корхонасини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилган эди. Лойиҳа маъқулланиб, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, “Bek Сluster” корхонаси ташкил этилди. Мазкур ҳужжат асосида 24 минг 900 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Жорий йилда 13 минг 988 гектар ерга чигитни янгича 6 қаторли сеялкаларда экмоқдамиз. Пахта ҳосилдорлигини йилдан-йилга ошириш ҳисобига пахта хомашёси етиштиришни дастлабки уч йилда 42 минг 600 тоннадан камайтирмаслик, кейинги йиллардан бошлаб эса, ошириб боришни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, корхонамизда 2018-2022 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастури қабул қилиниб, бу борада юртимиздаги қатор илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда режалар тузилган.
Ерни экишга тайёрлашдан олдин ҳосилдорлиги жуда пастлиги, нотекислиги ва шўрланганлигини ҳисобга олдик. Ернинг ирригация ва мелиорация ҳолатини яхшилаш мақсадида чуқур юмшатиш орқали гипс қатлами ёрилиб, ер шўри ювилгач, тупроқ таркиби яхшиланади. Суғориш тизимини яхшилаш мақсадида лазерли ер текислагич техникаларида экин майдонлари текисланади.
Ер унумдорлигини ошириш мақсадида 3х2 схемада алмашлаб экиш ва органик ўғитлаш, тажриба сифатида пахта билан биргаликда соя уруғини қўшиб экишни мўлжалламоқдамиз.
Еримизнинг балл бонитети ўртача 45 баллни ташкил қилади. Шундан келиб чиқиб, тупроқ таркибида гумусни кўпайтириш ҳисобига тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида 2018 йил охиридан бошлаб ҳар йили 3 минг гектар майдонга “яшил ўғит”, яъни сидератбоп экинлар экиш режалаштирилган. Ҳозирда корхонанинг 40,6 гектар майдонида Сербия давлатидан уруғлик олиш учун келтирилган 11 хил арпа, буғдой, сули, жавдар, тритикале, рапс экинлари элита уруғчилик лабораториясининг элита хўжалигида экилди.
Ҳозирда корхонанинг ўз маблағи ҳисобидан “С-6524”, “Султон” ва бирламчи элита ғўза уруғчилик лабораториялари ташкил этилган. Элита уруғчилик лабораториялари унумдор ер майдонлари, бино, автомашина, жиҳоз ва зарурий ускуналар, малакали мутахассислар билан таъминланган.
Экилиши режалаштирилаётган 14 минг 200 гектар пахта майдонларида ярим алмашлаб экиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида тупроқ унумдорлигини оширишга ёрдам берадиган соя ўсимлигини чигит билан аралаштириб экиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун паст бўйли эрта пишар соя нави уруғини кўпайтириш бўйича амалий ишларни бошлаб юборганмиз.
Корхонамизга ажратиб берилган ер майдонлари ўртача 3 минг гектарлик 8 хўжалик, жумладан, ўртача 200 гектарлик 110 та бригадага бўлинган ҳолда, ҳар бир хўжалик ва бригадага тажрибали деҳқонлардан иборат бошлиқлар тайинланди.
Ҳар бир бригадада 12-15 нафаргача доимий ишчи ишлайди. Бундан ташқари, 1 минг 800 нафар мавсумий ишчи жалб этилади. Ҳар бир бригадага 2 гектардан ерга аччиқ қалампир экиш белгиланган. Гектаридан 20 тоннагача қалампир олинади. Ишчи ва бригадирларга тўланадиган ойлик иш ҳақидан ташқари, қалампирдан олинган ҳосилнинг 50 фоизи даромад сифатида берилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга жалб этиладиган 1 минг 800 нафар мавсумий ишчининг мавсумдан ташқари ҳам ишли бўлиши ва йил давомида даромад олишини таъминлаш мақсадида корхона томонидан касаначилик, қуёнчилик, пиллачиликни йўлга қўйиш, хонадонларда аччиқ қалампир етиштириш учун шароит яратиш кўзда тутилган. Етиштирилган маҳсулот корхона томонидан харид қилиниб, қайта ишланади ва экспортга йўналтирилади. Айни чоғда 400 гектар аҳоли хонадонларига қалампир кўчати етказиб бериш учун иссиқхоналарда қалампир уруғи парваришланмоқда.
Пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни инновацион технологиялар асосида амалга ошириш, пахта қатор ораларини 76х5 схемада экиш ва агротехник тадбирлар учун АҚШда ишлаб чиқарилган “ТD5-110” русумли 100 та ғилдиракли трактор келтирилмоқда.
Пахта етиштириш учун Туркиядан 170 чигит экиш сеялкаси, культиватор ва лазерли ер текислагич, Россиядан 20 та “К-744” русумли юқори унумли қишлоқ хўжалик техникаси ва агрегатлар келтирилди. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги техникаларини тўлиқ компьютер бошқарувига ўтказиш ва экин ерларида қатор ораси ишловларини GPS электрон тизими аниқлигида олиб бориш учун АҚШнинг “Trimble” компанияси билан шартнома имзоланган бўлиб, технологиянинг афзаллиги тажрибада синаб кўрилди. Айтиш керакки, бу жуда яхши натижа берди.
Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашишда биомаҳсулотлар аниқ схема асосида ва ўз вақтида далага чиқарилсагина самара беради. Лекин трихограмма 1 гектар майдонга 400 нуқтага қўйилиши керак ва бу ҳолат ҳар 3-4 кунда такрорланиши зарур. Бу тадбирни 10 минглаб гектар майдонда қўл кучи билан амалга ошириш самарасиз эканини ҳисобга олиб, “Дрон”лардан фойдаланмоқчимиз.
Етиштирилган пахта хомашёсини қайта ишлаш мақсадида жорий йилнинг иккинчи ярмида суткалик қуввати 330 тонна бўлган завод қурилишини якунлаш режалаштирилган. Жанубий Корея технологияси асосида 100 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар қуриш ишларини ҳам бошлаб юборганмиз. Президентимиз ташрифи давомида айни шундай иккита иссиқхонамизни кўздан кечириб, ўз маслаҳат ва тавсияларини бердилар.
Бугунги кунда корхонада 1 минг 500 нафар доимий ишчи меҳнат қилмоқда. Жорий йил охиригача иш ўрнини 3 мингга, барча лойиҳалар амалга оширилгач, 10 мингтага етказиш режалаштирилган.
Корхонада етиштирилаётган ҳар бир экин турининг янги ва истиқболли навларини яратиш, мўл ҳосил олиш, сақлаш ва қайта ишлашни илмий жиҳатдан асосланган ҳолда тўғри амалга ошириш учун малакали мутахассис ва олимлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Янги техника ва технологияларни синаш, инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятларини янада кенгайтириш, олимлар эркин ишлаши учун қулай ишчи муҳити яратиш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасига алоқадор олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари олимлари, хориждан мутахассислар жалб қилган ҳолда, “Bek Сluster” корхонасининг “Ўсимлик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари илмий маркази” ташкил қилинмоқда.
Президентимиз ташриф чоғида бундай марказларни бошқа кластерларда ҳам ташкил этиш, нафақат сифатли маҳсулот етиштириш, унинг харидорини топишни ҳам ўйлаш лозимлиги, бугунги замон шиддати шуни талаб қилаётганини таъкидладилар. Давлатимиз раҳбари аввал илмий текшириш маркази ташкил қилиш, марказ иши тўла йўлга қўйилгач, уни институтга айлантириш тўғри бўлишини айтдилар.
Бу тавсия жуда тўғри эканига агроном ва мутахассислар тақчил бўлган ҳозирги кундаёқ амин бўлиб турибмиз. Шу ўринда хориждан келтирилган янги техникаларни бошқариш малакасига эга бўлган кадрларга ҳам эҳтиёж борлигини айтиб ўтиш лозим.
Ҳозирча илк қадамлар сифатида Гулистон давлат университетида лаборатория ташкил этилиб, ҳамкорлик ишлари бошлаб юборилган. Ушбу марказ 2018 йил биринчи ярмида Мирзаобод гидромелиорация касб-ҳунар коллежи биносида ташкил қилинади. Бу ерда ўсимлик ва тупроқ таҳлили, ўсимликлар биотехнологияси, ўсимликлар генбанки, геномикаси ва бошқа кўплаб лабораториялар бўлади.
Ишлаб чиқаришда муҳим омил ҳисобланган маҳсулот бозорини топиш масаласига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун замонавий “IT” технологиясини йўлга қўйиш бўйича “Social web solution” дастури орқали электрон савдо ёки интернет маркетингни ташкил қилиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари “Social web solution” корхонаси мутахассислари томонидан яратилган АКТ дастурига алоҳида эътибор қаратди. Электрон савдони кенгайтириш, интернет орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида аҳолига кўплаб қулайликлар яратиш, дастур ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, ундан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Президентимизнинг бу тавсиялари бошлаган ишимизнинг эртаси порлоқ эканига ишончимизни янада мустаҳкамлади.
Манба: ЎзА