Уй-жойга муҳтож имом-хатибларга янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойлар текинга берилади
Ушбу хайрли ишлар Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида назарда тутилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ушбу идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларга, шу жумладан, имом-хатибларга ойлик иш ҳақи тўланади, шунингдек, уй-жойга муҳтож ходимлар хизмат уй-жойлари билан таъминланади.
Кўп йиллар давомида намунали фаолият юритаётган, уй-жойга муҳтож имом-хатибларга янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойлар сотиб олиниб, текинга берилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буюртмасига асосан идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотлар ходимларига хизмат уй-жойлари ва уларга сотиб олиб бериш учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларнинг ажратилишини таъминлайди.
2018 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланилади.
Пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади.
Манба: ЎзА