Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Бойсун баҳори” тоғ қўйнига чорлайди
2018-04-18 | Жамият
Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Бойсун туманидаги хушманзара Оқтош ота қирларида анъанавий “Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги “Сурхондарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган тадбирни юқори савияда ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бўлажак фестивалга мамлакатимиз ва хориждан ҳар йилгидан кўп меҳмон келиши кутилмоқда. Шу боис тадбир ўтадиган тоғ бағрига олиб борадиган йўллар ободонлаштирилиб, ҳудудда зарур қулайликлар яратишга эътибор янада кучайтирилди. Шунга мувофиқ, фестивалга тайёргарлик ишлари эрта бошланиб, етарли шароит яратилди.
Фестиваль кунлари барча қулайликларга эга иккита саҳнада фольклор-этнографик халқ ансамбллари ва бошқа жамоалар мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрлаган ноёб санъатини намойиш этади. Яна бир саҳнада эл суйган бахшилар халқ достонлари ва термаларидан куйлайди. Бетакрор табиат қўйнида миллий кураш мусобақалари ҳам бўлиб ўтади. Қизиқарли халқ ўйинлари ташкил этилади.
Халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналари тараннум этиладиган фестивалнинг янада жозибали, завқли ўтишини таъминлаш учун тунги ёритиш тизимлари янгиланди. Алоқа сифати тубдан яхшиланиб, тўртта уяли алоқа компаниясининг янги ускуналари ўрнатилди. Иккита автомобиллар турар жойи барпо этилди. Сўлим гўша тоғ бағридан сизиб чиқаётган мусаффо булоқ суви билан таъминланади. Иштирокчилар, меҳмонлар ва сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш учун 50 дан ортиқ умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилмоқда. 100 га яқин чиройли безатилган ўтов уй меҳмонларни кутмоқда.
Фестивалда вилоят ҳунармандлари ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этади.
– Вилоятда 30 га яқин турдаги миллий ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари М.Жўраева. – Ранг-баранг, сержило буюмларимиз кўргазмасини ташкил этиш учун 200 га яқин савдо растаси барпо этилмоқда. Ўтовлар ўрнатилиб, турфа кашта, гилам ва бошқа буюмлар билан миллий қадриятларимизга хос жиҳозланмоқда. Ҳунармандларнинг қўл меҳнати эвазига яратилган нафис, ранг-баранг буюмлар, айниқса, хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши табиий.
Фестивалга нафақат фольклор-этнографик жамоалар, қўли гул ҳунармандлар, полвонлар, бахши-шоирлар, балки Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари ҳам алоҳида тайёргарлик кўрмоқда.
– “Бойсун баҳори” инсон қалбида миллий қадриятларга, нафис санъат ва сержило табиатга меҳр уйғотиб, уларни ардоқлашдек эзгу туйғуларни тараннум этадиган шодиёна, – дейди Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театри раҳбари М. Қорақулова. – Шу боис бу фестивалга пухта ҳозирлик кўрмоқдамиз. “Алпомиш” спектаклидан қизиқарли парчалар намойиш қиламиз. Сўлим тоғ бағрида гўзал табиат манзараларига уйғун миллий саҳна кўринишлари билан томошабинларни хушнуд этмоқчимиз.
Сурхондарё – ноёб қадриятлари, ҳудуд табиатига мос турли либослари, лапар ва достонлари, дўмбира ва чанқовузнинг сеҳрли оҳанглари билан азалдан машҳур бўлиб келган. Бой маданий меросга эга Бойсун 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.
Фестиваль доирасида 27 апрель куни Термиз давлат университетида “Бойсун – моддий ва номоддий маданият бешиги” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.
– Илмий-амалий анжуманда қадимий бу юртнинг тарихи, нафис ва бой маданий меросининг дунё тамаддунида тутган ўрни хусусида фикр алмашилади, – дейди Термиз давлат университети ректори А.Тошқулов. – Шунингдек, Бойсун миллий ҳунармандчилиги, этнографияси ва археологиясини ўрганиш, ҳудудда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади. Мазкур анжуманда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, чет давлатлардан таниқли олимлар, мутахассислар иштирок этиш истагини билдираётгани ҳам “Бойсун баҳори”га қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётгани тасдиғидир.
Манба: ЎзА