Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мувофиқлаштириш қўмитаси мажлиси
2018-04-17 | МДҲ
17 апрель куни Тошкент шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштириш қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
МДҲга аъзо мамлакатларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тизими (ҲҲМ БТ) 1995 йил 10 февраль куни Ҳамдўстликнинг ўн мамлакати ўртасида имзоланган битим асосида ташкил этилган. Бугунги кунда унга Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.
ҲҲМ БТ ташкил этилганидан буён 25 қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ҳамда ўндан ортиқ жанговар ўқ отиш машғулотларидан иборат қўшма ўқувлар ўтказилди. 1995 йилдан буён мингдан ортиқ ҳарбий авиация парвозлари уюштирилди. Навбатдаги "Жанговар ҳамдўстлик" ўқув машғулотлари 2017 йил сентябрь ойида Россиянинг Астрахань вилояти Ашулук полигонида бўлиб ўтди.
Мувофиқлаштириш қўмитасининг Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг Ситуацион марказида бўлиб ўтган мажлисида МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари – МДҲ ижрочи котиби ўринбосари Агибай Смагулов, МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Кенгаши котибияти вакиллари, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҲҲМ қўшинлари қўмондонлари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири А.Азизов мамлакатимизда мудофаа соҳасидаги сиёсат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси асосида амалга оширилаётганини таъкидлади. Бошқа давлатларга нисбатан ҳарбий куч ишлатмаслик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келиши мумкин бўлган низоларни тинчлик йўли билан ҳал этиш, мудофаа жиҳатидан ўзини-ўзи таъминлаш, ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий тўқнашувлар хусусиятига мослиги Мудофаа доктринасининг асосий принципларидир. Шунингдек, А.Азизов МДҲ доирасида ҳарбий қурилиш соҳаси жадал ривожланиб бораётгани, бунда МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Кенгашининг мувофиқлаштирувчи роли ортиб бораётганини таъкидлаб, Мувофиқлаштириш қўмитаси Ҳамдўстлик ҳаво макони мудофаасини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Манба: ЎзА