Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди
2018-04-17 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, дебитор, кредитор ва бюджет олдидаги қарздорликларни қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари узоқ йиллардан бери иқтисодиёт тармоқларида пул оқими самарасиз бошқарилгани ва номутаносиб тақсимлангани оқибатида қарздорлик ҳолатлари кўпайиб кетганини таъкидлади.
Буни бартараф этиш бўйича кейинги вақтларда қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бу борада янги тизим яратилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.
“Ўзбекнефтегаз” компанияси ва “Ўзбекэнерго” жамиятининг умидсиз дебитор қарздорликлари ҳисобдан чиқарилди. “Ўзагрокимёхимоя” акциядорлик жамиятининг кредитор қарздорликлари бюджет ссудалари орқали камайтирилди. Нефтни қайта ишлаш корхоналари ихтиёрида бир йилда 670 миллиард сўм, электр станциялари ҳисобида 100 миллиард сўм маблағ қолдирилди.
Фермер хўжаликлари тугатилиши ва қайта ташкил этилиши эвазига тижорат банклари йўқотган ликвидлик бюджетдан маблағлари ҳисобига қоплаб берилди.
Йиғилишда кўрилаётган чора-тадбирлар яхши самара бераётгани, лекин бу ҳали етарли эмаслиги таъкидланди. Жорий йил 1 март ҳолатига кўра, иқтисодиёт тармоқларида жами дебитор ва кредитор қарздорлик ўтган йилга нисбатан мос равишда 16 ва 13 фоизга ошгани танқидий таҳлил қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир корхонанинг барқарорлиги аниқ ҳисоб-китобга боғлиқлиги, раҳбарлар фаолияти шунга қараб баҳоланишини таъкидлади.
Айрим тармоқларда маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилишда номутаносиблик борлиги, қарздорликни ундириш тизими самарасизлиги, мавжуд жавобгарлик чоралари мансабдор шахслар ва фуқароларнинг тўлов масъулиятини ошириш учун етарли эмаслиги қайд этилди.
Дебитор қарздорлик ҳамон юқорилигича қолаётган компания ва корхоналар кўрсатиб ўтилди. Иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, дебитор, кредитор ва бюджет олдидаги қарздорликларни қисқартириш, солиқ, банк, хизмат кўрсатувчи ва бошқа идоралар ўртасида ҳар ой якунида ўзаро қарздорлик ҳолатини солиштириб бориш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берди. Ташкилотлар ўртасида электрон ҳамкорлик ва маълумот алмашинувини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти